Онангиз хизматини ғанимат билинг.

Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз. Фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийноқ-азобларига бардош бериш, туғиш чоғида бир ўлиб-бир тирилиш, туққанидан сўнг икки-уч йилгача бағридан бўшатмай, қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос илоҳий фазилатдир. Аллоҳ таоло она зотини улуғлаб, унинг меҳнатини қадрлаш учун одам фарзандининг эътиборини унга қаратиб,  Аҳқоф сурасида шундай марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…”.Муъовия ибн Жоҳима (р.а)дан ривоят қилинади, у зот Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) нинг ҳузурларига келиб, эй Расулуллоҳ, мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олишлик учун келдим, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Онангиз борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Онангизни хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар (Имом Насаий ва Ҳоким ривояти).

Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:“Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди. Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га айтдим. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) “Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти) Демак  фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир. Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қиёматгача келадиган “мўминларнинг онаси”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқлиги динимиз кўрсатмаларида таъкидланган. Аёллар эҳтироми учун бизни юртда ҳам халқаро хотин қизлар куни байрами сифатида белгиланган.  Шуни таъкидлашимиз лозимки. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб этсин! Аёл-қизларимизни шариатимизда кўрсатилганидек эъзозлашимизда Аллоҳ таоло тавфиқ берсин!

 Ховос туман “Хизробод “ жоме
масжиди имом-хатиби
 Халилулло РАИМҚУЛОВ 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *