Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир бандасига Роббисини танишлиги учун етарли ақл берган. Бу ақл неъмати билан ҳар бир инсон Парвардигорининг мўъжизаларини тафаккур ва тадаббур қила олиши керак. Аллоҳ таолонинг ишларини таниб билса, ўзининг нақадар ожиз эканлигини кўради. Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қила олган ҳар бир банданинг албатта иймон нури кучаяди ва ҳақиқий мўминлик сари юксалади. Бандага берилган энг буюк ва энг улуғ неъматларидан бири бу ҳам бўлса иймондир! Иймонли кишининг ҳаёти интизомли ва тўғри бўлади. Бизлар бу улуғ неъматдан баҳраманд бўлган эканмиз Парвардигоримизга чексиз шукроналар қилиб, бу неъматни ўлгунимизча бардавом бўлишлигини Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймиз!
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Мунофиқлар учун энг оғир намоз хуфтон билан бомдод намозидир. Агар бу икки намозда нима фазл борлигини билганларида эди, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисларида марҳамат қилдиларки:
“Кимки бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳ таолонинг аҳди ва паноҳидадир. Аллоҳ таоло сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин. Чунки Аллоҳ таоло кимни аҳдини зое қилган ҳолда топса, уни юзи ила жаҳаннам оловига ташлайди”.
Яна бир ҳадисларида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, туннинг ярмини бедорликда ибодат қилиб чиққандек ва бомдод намозини жамоат билан ўқиса, бутун тунни ибодат билан ўтказгандек ажрга эга бўлади”.
Расулуллоҳсаллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Мана бу мунофиқнинг намозини – қуёшга қараб ўтиради-да, тоинки қуёш шайтоннинг икки шохи орасига кирганда, 4 марта қуш ерни чўқигандек сажда қилиб олади. Унда Аллоҳ таолони камдан-кам зикр қилади”.
“Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассиз” (Нисо сураси, 145 оят)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуالدَّرْكِ الأَسْفَلِни дўзахдаги бир эшикли уйлар бўлиб, унга мунофиқларни кириб, устиларидан эшикларини қулфлаб қўйиб, остидан ҳам, устидан ҳам олов ёқилади, деб сифатлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқда иккита хислат бўлмайди: Чиройли хулқ билан дин илми”
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Кимдаким, унда учта амал бўлса, бас у мунофиқдир, агарчи намозхону рўзадор бўлса ҳам. 1. Гапирса ёлғон гапиради. 2. Омонатга хиёнат қилади. 3. Ваъдага хилоф қилади”.
Бошқа бир ҳадисда бу ҳадиснинг давоми келади: “1. Гапирса ёлғон гапиради. 2. Омонатга хиёнат қилади. 3. Ваъдага хилоф қилади 4. Жанжаллашса, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади. Агар кимда ушбу 4 хислатдан бири бўлса, демак унда мунофиқлик белгиси бор экан, тоинки ундан тавба қилиб қайтмаса”.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Зиёд ибн Ҳубайрга дедилар: “Билсанми, Ислом динини нима бузади?” “Йўқ” дедим. Амирил мўминийн: “Ислом динини олимнинг адашиши, мунофиқнинг Қуръон ҳақида тортишиши ва ақидаси бузилган, адашган имомнинг фатвоси бузади”, дедилар.
Худои таборак ва таоло мунофиқлар ва мунофиқликнинг ёмонлиги ҳақида бир нечта оятларни нозил қилиб, уларнинг белгиларини билдириб ўтади:“Агар уларга: “Аллоҳ нозил этган (Қуръон) ва Пайғамбар ҳузурига келинглар”, дейилса, мунофиқларнинг Сиздан тамоман тескари қараб кетганларини кўрурсиз”( Нисо сураси, 61 оят)
Аллоҳ таолонинг зикри, Қуръони карим тиловати ёки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, тарихлари зикр қилинса, мунофиқнинг юраги сиқилиб, юраги ёрилай деган даражада келади, шунинг учун бунақа гап сўзлардан қочиб, тамоман тескари қараб кетади.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
масжиди имом-хатиби