Оятал-курсийнинг мазмун моҳияти Қуръони каримда энг улуғ шарафли маънолар билан таркиб топган. Бунда Алллоҳ таолонинг 17 та энг гўзал улуғ исмлари жамлангандир.
Ушбу оятларнинг аввалида Аллоҳ таолони ягона зот эканлиги батаққиҳ маълум қилинган бўлса, сониян Аллоҳнинг ўзигина ибодатга сазовар илоҳ. Буюк Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш эмас.
Бу бепоён оламда осмон бўлсин ёки ер бўлсин, нимаики бўлса ҳаммасининг эгаси ёлғиз Аллоҳдир. Бирор нарса унинг изнисиз бўлмайди. Бандаларнинг барчаси ким бўлишдан қатъи назар Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб унинг буйруқларини бажариши шарт. Аллоҳ таолонинг илми чексиз, ҳамма нарсани билиб туради. Бандаларнинг аввал қилган ишларини ҳам, шунингдек, ҳозир бўлаётган ва келажакда бўладиган ишларини ҳам билиб туради.
Бу оятдаги “Курсий” сўзининг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч, курсидир. Бу ерда ундан мурод нима экани ҳақида турли тафсирлар бор: 1. Аршнинг иккинчи номи. 2. Аршдан кичикроқ алоҳида нарса. 3. Аллоҳнинг илми. 4. Унинг қудрати. 5. Ҳукмронлиги ва ҳоказо.
“Оятал-Курсий”нинг фазилат ва хислатлари тўғрисида кўпгина ҳадиси шарифлар мавжуд. Жумладан: “Кимки ҳар бир фарз намозидан кейин бу оятни ўқиб юрса, жаннатга кириши учун фақат ўлим тўсқинлик қилиб турган бўлади. Тунда ухлашдан олдин ўқиб ётса, Аллоҳ унинг ўзини ва қўшниларини бало-қазодан асрайди. Бу оят ўқилган уйга сеҳр-жоду таъсир этмайди”.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят Курсий ояти эканлиги таъкидланган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан Пайғамбаримиз (алайҳис салом) дан марҳамат қилиб айтади:
“Бақара сурасида Қуръони карим оятларининг улуғи бордир. Қайси уйда шу оят ўқилса, ўша жойга шайтон сира кира олмайди, у оят Оятал-Курсийдир”. (Термизий ривояти)
Дарҳақиқат, Оятал-Курсий ўз ичига Аллоҳ таолонинг муборак исмларини олганидан уни ҳар вақт тиловат қилишимизда буюк руҳий ҳотиржамликни топамиз.
Қобилжон АСЛАНОВ
Боёвут тумани “А. Ғиждувоний”
жоме масжиди имом-хатиби