Рамазон ойи-ойларнинг султони

Рамазон ! Тақдир қалами белгилаган маълум муддатгача бу ой ҳам бошқа ойлар сингари йилнинг ўн икки парчасидан биридир. Аллоҳ таоло инсониятни нажот йўлига йўллашни ирода қилди. Ўн саккиз минг оламлар Эгасидан энг сўнгги пайғамбарликка танланган улуғ зот Расуллуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га “Ўқинг”деган амр келди. Қурони карим туширилиши айнан Рамазон ойининг кечаларидан бирида бошланди. “Ўн икки ойнинг султони –Қуръон ойи” бўлди. Раҳмон Зот минг ойдан хайрли Қадр кечасини бу муборак ойга жойлаштирди. Гўё оппоқ садафлар шодасига қора олмосни яширди ва амр қилди: “Қани, олмосни топинг!” Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан умматга ишорат бўлди-уни охирги ўн кунлигидан қидиришни тавсия этдилар. Бу муборак ой, бизлар учун рўза ойи бўлди, ўттиз кун рўза тутишга буюрилдик. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва саллам)бу ойни “қалқон”дедилар. Нафсимизга қарши қалқон вазифасини ўтайди. Бу муборак ой шифо ойидир-дунё зийнатларига маҳлиё руҳларимизга даво ойидир. Ғарибу мискинлар кўнглини меҳру саҳоват билан обод этиш, улар ҳаққига дуойи хайр қилишни таълим беради. Ҳозирги яшаётган кунимизда баъзи оилаларда оилавий келишмовчиликлар, қўни қўшнилар ўртасида арзимаган ер талашишлар, қуда андаларнинг араз-гиналари бўлаётган ҳақиқатдир! Раҳмату мағфиратга лиммо – лим кунларда ўзаро гина қудратларни унитиб, бир-биримизни кечириш ойи айни Рамазондир! Фарз ибодатларини адо этишда, рўзадорликда, эзгу амалларни бажаришда давом этарканмиз, кўнглимизни авфу мағфиратга моил бўлиш умиди эгаллайди. Рамазон ойи воситасида илоҳий раҳматга етишиш мақсади кўнглимизни тўлдириб бормоқда. Хуш келдинг ойларнинг султони РАМАЗОН!

Мирзаобод тумани “Маданият”
жоме масжиди имом хатиби
Хайрулло НИЁЗОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan