Садақаи жория

Кунимиз ўтаяпти, уни ҳеч бир маблағ билан тўхтата олмаймиз. Ҳеч қандай илож йўқ. Қанчалик бой бўлмайлик ёки қандайин мансабга эга бўлмайлик ёки қанчалик даражада Парардигорга яқин бўлмайлик бир кунимизни на молу дунё билан, на фармону буйруқ билан ва на ижобатли дуо билан ўтаётган вақтимизни тўхтата ололмаймиз. Кунлар ўтаяпти, вақт бераҳмларча умримизни қилич каби кесиб ҳаммамизни ортда қолдирмоқда. Нима қиламиз, Олий кузатувчи бизларни умримизнинг охирида кутиб турмоқда. Қилган ҳар бир сониямизни сўрашга тайёр. Ҳар доим савобли ишларни қилишга қувватимиз, тоқатимиз етмайди. Бу тилсимнинг жавобини суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам очиб бердилар:

“Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”.

Садақаи жория нима дегани? Савоби доимо оқиб турувчи хайрли иш. Халқ учун хизмат қиладиган манфаатли бирор нарса. Мисол учун, йўлни яқинлаштирадиган кўприк, бирор ерга сув етиб бормаган бўлса, ўша ерга сув қувури тортиш ёки газ етиб бормаган бўлса, газ қувури тортиш, ёки маҳаллангиз йўли талабга жавоб бермайдиган бўлса, уни тузатиш. Яна қурилган масжидларга таҳоратхона қуриш. Узоқ йўлларда ҳожатхоналар қуриш ва ҳоказо мана шуларнинг барчаси доимо савоби оқиб турувчи хайрли иш – садақаи жория дейилади.

Садақа нима дегани садақа сўзи сидқ сўзидан олинган. Яъни банда мана шу қилган иши билан ўзининг Аллоҳга бўлган садоқатини кўрсатади.

Ҳозирги пайтда бизларга берилган бойлик бу фақат охиратдаги амалларимизни кўпайтириш учун берилган бир имконият. Абу Бакр разияллоҳу анҳудан сўраган эканлар: Эй Амирал муминийн! Биз бу дунё ҳақида ва у дунё ҳақида қанчалик даражада Худодан сўрайлик? Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Қайси дунёда қанчалик қолишингиз қадар сўранглар” деб жавоб берган эканлар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

“Агар одам боласи ихтиёрида икки водий тўла олтин бўлса ҳам, у учинчисини истайди. Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос”

Аллоҳ таоло бизларга яна бир имтиҳонини эслатмоқда:

“Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир”(Бақара сураси, 264 оят).

Абу Талҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўп, бой киши эдилар. У кишининг бойликлари ичида энг яхши кўрган нарсалари “Байруҳо” номли қудуқ эди. Чунки у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари олдида эди. У қудуқнинг суви жуда ҳам ширин бўлганлиги учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ўтганларида ундан ичардилар. Абу Талҳа разияллоҳу анҳу бу оят нозил бўлганини эшитиб, дарҳол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига югурдилар.

“Аллоҳ таоло Ўз китобида: “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби “Байруҳо”дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳ таоло ҳузурида унинг яхшилигини ва савоб захирасини умид қиламан. Ё Расулаллоҳ, уни нима хоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар.

Ҳар биримизни азроил жонимизни олади, бир ўзимиз қабрда қоламиз, бир ўзимиз қабрдан турамиз, бир ўзимиз қиёматда жавоб берамиз. Шунинг учун ҳамма нарсани қўяйликда аввало ўзимизни ўйлаб бир садақаи жорияни ҳаракатини қилайлик.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *