Тавба эшиклари доимо очиқ

 Тавба – Аллоҳ азза ва жаллага ҳақиқий ихлос билан қайтишдир. Аллоҳ таолонинг бизларга Ўзига тавба қилишни неъмат қилиб бергандир. Пайғамбаримиз алайҳис салом айтганларидек: “Ҳар бир одам боласи хатокор ва хатокорларнинг энг яхшиси Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтувчилардир” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Одам боласининг гуноҳ қилиши ажабланарли ҳол эмас. Маъсиятга қўл уриб қўйиш инсон табиатига хос нарсадир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис салом) марҳамат қилиб айтганлар:

“Агар банда бир гуноҳ қилса, қалбида бир қора доғ ҳосил бўлади, гуноҳдан ўзини четлатса ва истиғфор айтса, қалби тозаланади, яъни қалбидан гуноҳнинг асари ўчириб ташланади. Қалби ойна каби сайқал топади”. (Термизий ривояти)

Баъзи касалликлар борки, агар вақтида унинг муолажаси қилинса, тезлик ва осонлик билан даволанади. Агар уни даволамай қўйилса, бетоблик кучайиб, уни даф қилишнинг иложи қолмайди, соғайиш қийинлашиб кетади. Гуноҳлар ҳам шу кабидир. Кимки гуноҳ қилса, дарҳол тавба қилиши керак. Зеро, тавба эшиклари доимо очиқдир. Агар тавба қилмаса, у ўзига золимдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

 “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир”. (Хужрот сураси 11 оят)

Тезлик билан тавба қилиш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифасидир. Зеро, Аллоҳ таоло амр этиб, шундай дейди:

“Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз”. (Нур сураси 31 оят)

Демак, мўмин-мусулмонлар ҳар вақт тавба қилишлари матлубдир. Бирор инсон: “Менинг гуноҳим йўқ, нима учун тавба қилишим керак?”, – деб айта олмайди. Агар шундай деса, у ғурурга, кибрга борган бўлади. Бу сифат мўминга нолойиқдир. Мўмин киши Аллоҳ таолонинг ҳаққини тўла адо этишдан доимо ожиз. У тоат-ибодат қилади, ибодатларим қабул бўлмасмикан, деб хавфда бўлади. Шунинг учун ҳам у доимо Аллоҳга истиғфор айтиш ва Унга “тавбаи насуҳо”да бўлади.

“Тавбаи насуҳо” нима? “Насҳ”нинг маъноси алдовдан пок бўлиш, яъни ёлғон тавба эмас, балки чин тавба деганидир. Тили билан тавба қилиб, қалби билан гуноҳ ва маъсиятда давом этувчининг тавбаси ёлғончилар тавбасига ўхшайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай амр қилиб айтади:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, – дерлар”. (Таҳрим сураси 8 оят)

Тавбанинг уч шарти бор: Биринчи шарти: пушаймон ва надомат қилиш. Ҳазрати Расул Акрам (алайҳис салом) айтдилар:

“Гуноҳларга пушаймонда, надоматда бўлиш – айни тавбадир!”. Бу тавба бобидаги энг асосий рукн ҳисобланади.

Тавбанинг иккинчи шарти: гуноҳга қатъиян асло қайтмасликка азму қарор қилишдир.

Тавбанинг учинчи шарти: гуноҳдан бутунлай узилиш, ёмонликлардан яхшилик қилишга қайтиш, шайтон йўлидан қайтиб, Раҳмон ҳидоятига юзлашишдир.

Робия Адавиядан сўрашди: “Агар тавба қилсам, Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилармикан?”. У жавоб қилиб айтди: “Эй нодон! Агар Аллоҳ тавбангни қабул қилган тақдирдагина, сен тавба қиласанми?! Унинг ояти каримасини ўқимадингми?! Аллоҳ тавба қилувчилар ҳақида бундай дейди:

 “Сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди. Албатта, Аллоҳ Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳим (раҳмли)дир”. (Тавба сураси 118 оят)

Аллоҳ таоло сени тавба қилишга муваффақ қилиши, тавбангни қабул бўлганига далилдир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис салом)ни кечаю кундузларида, саканоту-ҳаракотларида, боришу келишларида, хилватдаю жилваларида Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб турган вақтда ҳам Парвардигорларидан бир дақиқа бўлсада, ғафлатда бўлмадилар, муборак кўзлари оромда бўлса ҳам, қалблари бедор эди. Шундай бўлсада у зот бундай деб айтардилар: “Аллоҳга истиғфор айтинглар, мен бир кунда Унинг ўзига юз бора истиғфор айтурман”.

Аллоҳ таоло тавба қилгувчиларнинг Ўзи билан бандаси ўртасидаги гуноҳларини кечиради. Масалан, ибодатларини вақтида қилмаган, қайтариқлардан қайтмаган ва шу каби бошқа гуноҳлар. Бироқ, гуноҳ банда билан банда ўртасида содир бўлган бўлса, яъни бировнинг дилини ноҳақ оғритган, ҳаққини еган, унга зулм қилган бўлса, бундайларнинг тавбаларини қабул бўлиши ўша мазлум инсонларнинг розилигига боғлиқ бўлади. Шундай экан, бир-биримизга дилозор, зулмкор, ғийбатчи, бўҳтончи, туҳматчи бўлмаслигимиз, бировнинг жони ва молидан эҳтиёткор ўта эҳтиёткор бўлишимиз, ўзаро меҳр-муҳаббатда, аҳл-иноқликда яшашимиз даркор бўлади.

Носиров БОТИР
Ховос тумани “Хуснобод”  жоме
масдиди имом–хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan