Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча оламларга нимаики Аллоҳ таоло махлуқотлардан оламлар яратди, шуларнинг барчасига раҳмат бўлиб келдилар. Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 107-оятида Ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб:
“Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик” – дейди.
Яъни, Эй расулим, биз сизни пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад – оламларга фақат раҳмат бўлишингиздир. Бутун инсоният жаҳолат чўлида қақраб ётганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло дунёга келтириб, раҳмат ёмғири каби махлуқотлар боши узра ёғдирди. Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир киши бутун инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятни жаҳолатдан ва залолатдан, ҳидоятга ва нури иймонга олиб чиқишларидир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оламларга раҳмат бўлиб келишлари бу абадийдир. Инчунун Ислом дини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиб қилди, Ислом дини келиб барча динларни мансух қилди ва то қиёмат кунигича Аллоҳ таолонинг паноҳида бу дин қолажакдир. Шу билан бирга қиёмат кунида инсониятнинг бир катта бўлагини ўз шафоати муборакларига оладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши Роббим ҳузуридан менинг олдимга келиб деди – Умматингни ярми жаннатга киришини хоҳлайсанми ёки шафоатни ихтиёр қиласанми? Мен шафоатни ихтиёр қилдим. У Аллоҳ таолога ҳеч бир нарсани ширк келтирмай ўлган киши учундир”, деб марҳамат қилдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун раҳмат бўлиб келишлари мана шундай. Умматнинг ярми ҳам эмас, балки ҳаммасини ихтиёр қилдилар. Қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг марҳаматларини кўриб, ҳаттоки Иброҳим алайҳиссалом ҳам, қолган пайғамбарлар ҳам бир умматнинг расули бўлиб эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бўлишини орзу қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зария қабиласига ўттиз кишилик аскар юбордилар. Аскарлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек қўққисдан душман устига ҳужум қилдилар. Шошилганидан бош-оёғини йиғиштиролмай қолиб, ночорлик билан бир оз урушган бўлсалар ҳам қолганлари қочишга мажбур бўлдилар. 150 та туя, уч мингта қўй ўлжа олишиб, соғ-саломат Мадинага келдилар. Қайтаётганларида йўлиққан мушриклардан бир неча кишиларни асир олишди. Булар ичида Бани Ҳанифа қабиласининг атоқли раисларидан Самома ибн Осол ҳам бор эди. Бу киши ўзининг ким эканлигини аскарлардан яширди.
Мадинага келгандан сўнгра Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Самома ибн Осолни кўриб: “ Бу асир ким эканлигини танимаганга ўхшайсизлар”-деб, саҳобаларига қарадилар – “бу асир Самома ибн Осолдир, буни бўш қўймангиз” – деб масжид устинига боғлатиб қўйдилар. Бундан мақсадлари эса, мусулмонларнинг тоат-ибодатлари, намоз жамоатларини кўрсатиш эди. Бир кун ўтгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб: “Эй Самома, сенда нима яхшилик бор?” – деб сўрадилар. Шунда у: “ Эй Муҳаммад, менда кўп яхшиликлар топилади. Агар мол олмоқчи бўлсанг, ҳар қанча десанг берурман. Агар ўлдирадиган бўлсанг, ўлдурурга арзигудек халқ орасида обрўлик кишидирман. Агар бирор яхшилик қилур бўлсанг, уни ҳеч вақт унутмасман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нима демасдан қайтдилар.
У кунни ўтказиб, эртаси: “Эй Самома, сенда нима бор?” – деб яна сўрадилар. У бўлса яна илгаригидек жавоб берди. Иккинчи кун ҳам боғланган ҳолда қолдирдилар. Яна учунчи кун унинг олдига келиб: “Эй Самома ибн Осол, шу кунларда ҳеч яхшилик топдингми?” – дедилар. У ҳам аввалги гапидан тонмасдан ўша сўзини такрорлади.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга боқиб, буни бўшатиб, ўз ҳолига қўйинглар, деб буюрдилар. У бундай илтифот кутмаганди. У озод бўлгач, масжиддан чиқиб бир хурмозорга кириб, ғусл қилиб, таҳорат олди. Масжидга қайтиб кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди, дарҳол шоҳадат айтиб мусулмон бўлди. Уч кунгача “Сенда яхшилик борми?” деб сўрашларидан мақсадлари, унинг мусулмон бўлиши эди. Уни ҳам топдилар. Чунки Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам “роҳматан лил оламийн” – “бутун оламларга раҳмат қилиб юборилагн зот” бўлганлари учун дунёдан бир одамнинг иймонсиз кетишига рози эмас эдилар.
Биз қандайин ажойиб, улуғ мақомга эга бўлган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Умматларидан бирор киши дўзахга киришига рози бўлмаган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Қиёматда ҳамма ўз нафси билан овора бўлиб турган пайтда “Умматий, Умматий” деб турадиган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Ҳаётлари давомида бирор марта ҳам тўйиб овқатланмаган, суюкли умматлари учун ҳаётнинг бутун аччиқлигини бошидан ўтказган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Мана шундай севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотлар айтишликка эринмайлик, у зоти бобаракотнинг суннати санийяларини ҳар қадамда бажаришликка ҳаракат қилайлик, жоҳиллигимиз, ноқобиллигимиз туфайли қиёматда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа кимсалар олдида уялтириб қўймайлик.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби.