Ўтган салафларимиз қилган яхшиликлар, садақотлар, хайрли амаллар бугун барчамиз учун ибрат ва дастурил-амал бўлиши керак. Мана шундай ибратли воқеалар орқали айниқса ёшларимиз, фарзандларимизни саховатга, олижанобликка, қўли очиқликка ўргатишимиз керак бўлади. Токи бу жаннатмонанд юртда авлодларимиз аждодлар қилган хайрли амалларни давом эттирсинлар. Очнинг қорнини тўйғазиш, юпунни кийинтириш, ҳожандманднинг ҳожатини чиқариш, қарздорнинг қарздан қутулишига ёрдам бериш, етимлар ҳолидан хабар олиш, бемор сиҳатини сўраш ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмоннинг муҳим вазифаси эканини бугунги ва кейинги зурриётлар билсинлар. Юқорида айтилганларга амал қилиб хайр- саховатни кўпайтирсинлар. Ана шунда гўзал диёримиз бундан ҳам гуллаб- яшнайди, келажагимиз фаровон бўлади. Жамиятда аҳиллик ва тенглик вужудга келади. Яхшиликлар инсониятга ва борлиқ оламларга давомли бўлиб турган жойга Аллоҳ жалла ва аълонинг марҳамати ва баракотлари нозил бўлаверади. Аллоҳ таборака ва таолонинг назари инган жой, диёр янада обод ва кўркам бўлиб бораверади.
Буюк олим Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қилган ибратли ишлари орқали ёш авлодга тарбия берсак, улар қалбига саховатли сифатларни сингдириб борамиз
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) сахийликда, яхшилик инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар. Бир куни бир киши Набийдан (алайҳиссалом) бирор нарса беришларини сўради. Шунда у зот бир водийга сиғадиган қўй подасини тортиқ қилиб юбордилар. Қўйларни қўлга киритган одам ўз қавмининг олдига бориб : Эй қавмим, Исломга келинглар, Муҳаммад (алайҳиссалом) фақирликдан қўрқмайдиган инсондек сахийлик билан хайр-эҳсон беради, деди.
Сахийлик ҳақида хабарларда бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”. “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки у ҳар қоқилганида Аллоҳ таоло унинг қўлидан тутиб туради”, “Сахийлик бамисоли жаннат дарахтларидан биридир – шохлари дунёга осилиб тушиб туради. Ким унинг шохларидан тутиб олса, у жаннатга бошлаб боради. Бахиллик эса дўзах дарахтидир. Унинг шохлари дунёга чиқиб туради. Ким унинг шохларидан бирини ушласа, уни дўзахга бошлаб боради”.
Сахийлик бобида солиҳ аждодларга тенг келадигани бўлмаган. Аббон ибн Усмон бундай ҳикоя қилади:”Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббосни бир изза қилмоқчи бўлиб, Қурайш қабиласининг катталарига келиб: “Абдуллоҳ бугун сизларни нонуштага таклиф қилди”, дейди. Улар розилик билдириб, нонушта вақтида Абдуллоҳникига боришади. Унинг ҳовлиси одамга тўлиб кетади. Абдуллоҳ бу ҳолни кўриб, нима гаплигини сўрайди. Меҳмонлардан бири уни бир четга тортиб, бўлган воқеани сўзлаб беради. Шунда Абдуллоҳ дарҳол мева-чева келтиришни буюр деб, нон ва турли таомлар тайёр бўлгунича меҳмонларни мева билан сийлаб туради. Кетидан дастурхон ёзилиб, хилма- хил таомлар тортилади. Меҳмонлар овқатланиб, ўринларидан тураётганда Абдуллоҳ хизматкорларидан: “Шундай таомларни ҳар куни тайёрлай оламизми?” деб сўрайди. Тасдиқ жавобини олгач, меҳмонларни ҳар куни шу ерда нонушта қилишга таклиф қилади.
Абдуллоҳ ибн Маъсуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топиб, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин десанг, садақа қил”.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”.
Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”,- деган.
Бахиллик, хасислик инсоний иллатлар ичида энг ёмонлари, энг қораланганларидир. Ҳақиқатан ҳам, бир бандага кўп миқдорда мол-дунё берилиб, унда бева-бечора ва мискин-фақирларнинг ҳам ҳақи борлиги ҳақида огоҳлантириб қўйилган бўлса-ю, у ана шу бойлигидан ҳеч кимга бермай, хасислик қилиб юрса, Парвардигорга исён қилган, Унинг амрларидан чекинган бўлмайдими?!
Бахилликнинг нақадар ёмон хулқ экани ҳақида бир неча хабарлар келган: “Мўминда икки ҳислат: бахиллик ва ёмон хулқ жам бўлмайди”; “Хасислик ва имон банда қалбида асло бирга жам бўлмайди”; “Эй Аллоҳим, Сенинг номинг ила қўрқоқлик ва бахилликдан паноҳ тилайман”.
Агар дунёда севимли нарсалар кўпайса. Улардан ажралиш билан мусибатлар ҳам кўпаяди. Ким мол-дунё офатини билса, унга асло дўст бўлмайди. Кимда-ким ҳожати миқдорида мол-дунёдан олса, фойдаланса ва уни ўзининг ҳожати учун ушлаб турса, бундай одам бахил бўлмайди.
Бишр Хофий айтади: “Фақирлар уч турли бўлишади. Бир фақир асло ҳеч нарса сўрамайди, агар бирон нарса берилса, олмайди ҳам. Бу фақир руҳонийлардан. Бошқа бир тур фақир сўрамайди, агар бир нарса берилса, олади, бу жаннат аҳлидандир. Яна бир фақир, агар муҳтож бўлса, сўрайди. Сўрашининг каффорати унинг ростгўйлигидир.
Суфён Саврий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтдилар: “Ким оч бўлатуриб, ҳеч нарса сўрамай ўлиб қолса, дўзахга киради”. Бунинг маъноси бундай: бир киши оч қолса ва ўзидан бошқада таом бўлса, ундан сўрамай, вафот топса, у одам ўзини ўзи ҳалокатга солган одамдай бўлади. Бу рад этилган ишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!.. (Бақара,195) .
Мана, азизлар, садақа, эҳсон ва инсонларга бошқа яхшиликлар қилиш борасида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келган амр-фармонларни ва қайтариқлардан бир нечасини ўрганиб чиқдик. Ислом таълимоти бу соҳада биз, мусулмонлар олдига қўйган бурч ва вазифалар билан яқиндан танишдик. Мурувват ва сахийлик бобида солиҳ салафларимизнинг ибратли ҳаётларидан воқиф бўлдик. Динимизда сахийлик, карам, яхшиликни рағбатлантирилиб, бахиллик, хасислик, ўзгалар ҳолига бепарволик каби иллатлар қораланганини кўрдик. Эндиги вазифамиз ана шу ўрганганларимизга амал қилишни бошлашдир.
Юқорида бир неча бор таъкидланганидай, Аллоҳ таоло ҳам, Унинг пайғамбари ҳам қўли очиқ, эҳсон-садақа қилувчи инсонларни яхши кўради. Бундай саховатпеша кишиларни бу дунёда инсонлар миннатдорчилиги ва охират дунёсида Аллоҳ таолонинг улкан мукофотлари, У зотнинг розилиги кутиб турибди. Шундай экан, бошқа жабҳаларда бўлгани каби саховат, хайру эҳсон, садақа, закот каби ишларда ҳам бошқа юрт ва миллатларга ибрат бўлайлик!
Раҳима ИСКАНДАРОВА
ЎМИ Сирдарё вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.