Башариятни бошқа мавжудотлардан фарқи бу албатта чиройли хулқ ва ўта нозик фаросатдир. Ислом дини бизларга мана шундай гўзал хулқларни ўргатиб, бани Одам қанчалик даражада мукаррам экналигини билдириб қўйди. Бизлар ҳам бани башар эканмиз мана шундай олийжаноб хулқлару одобларга эътибор бериб амал қилиб борсак, иншаАллоҳ ҳам сувратан, ҳам сийратан гўзал бўлиб, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандаларидан бўлиб қолсак ажабмас.
Машойихлардан бирини меҳмондорчиликка чақиришганда шундай дедилар: “3та шартим бор; такаллуф қилмайсан, хиёнат ва жабр қилмайсан”. У кишидан сўрадилар: “Такаллуф нима?” деб. “Ўзингда бўлмаган нарсага таклиф қилиш”, “Хиёнат нима?” деб сўрадилар, “Ўзингда бор нарсага бахиллик қилиб, меҳмонга олиб келмаслик” деб жавоб бердилар. “Жабр нима?” деб сўрадилар, “Оилангни маҳрум қилиб, меҳмонингга беришинг” деб жавоб бердилар.
Демак, меҳмонга ортиқча такаллуф қилмаслик. Фақат ҳақли инсонларга такаллуф қилинади, бу ҳам бўлса ота-онасига, бева-бечораларга ва етиму есирларга.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим ўтирсин”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилиб, унинг мукофотини берсин”, деганларида, саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, унинг мукофоти қанақа бўлади?” дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бир кеча ва кундуз меҳмонни яхшилаб кутсин. Меҳмондорчилик 3 кундир. Ундан зиёдаси садақадир” дедилар.
Анас разияллоҳу анҳу меҳмондорчилик ҳақида шундай дедилар:
“Қайси бир уйга меҳмон келмаса, ўша хонадонга фаришталар ҳам кирмайди”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Кимики бандаи мўминни иззат-икром қилса, Аллоҳ таолони иззат-икром қилган бўлади”.
Демак, мўмин мўминга биродар экан, оға-ини экан, бир-бирини иззат-икром қилмоғи вожиб, бир-бирини хурсанд қилиши лозим. Мўмин киши дўстини зиёрат қилиши бу Худои таборак ва таолога қурбат ҳосил қилишнинг бир йўлидир – дейди машойихларимиз. Шоир деганидек:
Кел, эй мўмин, ҳамиша хуш инон бўл,
Мусулмон бўлса ҳар ким меҳрибон бўл.
Очилғайсан ани кўрганда гулдек,
Тавозу айла хизматкор қулдек.
Сариғ ёғдек анга бўлғил мулойим,
Сучук тилни асалдек айла доим.
Тут ул дўстингни сут устинда қаймоқ,
Азиз жонингча кўргил, балки, беҳроқ.
Бир куни Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг олдиларига меҳмон келди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу меҳмонга арпа нони билан туз олиб чиқдилар. Шунда меҳмон дедики: “Қани энди шу нон билан қатиқ бўлса, яхши бўлур эди”. Салмон Форсий разияллоҳу анҳунинг уйларидан у нарса топилмади. Сўнгра таҳорат оладиган офтобасини гаровга қўйиб, қатиқ келтирдилар. Меҳмон еб бўлгандан кейин дуо қилди: “Ҳамдлар бўлсин Худогаки, берган ризқу насибасига бизларни қаноатли қилди”. Салмон Форсий разияллоҳу анҳу дедилар: “Агар сенда қаноат бўлганда эди, менинг офтобам гаровга қўйилмас эди”.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби