Отинойилар халқ орасидаги аёлларнинг ўқитувчилари ҳисобланади. Аёллар орасида отинойиларга бериладиган саволлардан биттаси “Қабристонларга зиёратга бориш ва у ерда бажарилиши керак бўлган амаллар” хақида бўлади. Асосан аёлларнинг қабр зиёратига боришлари тўғрисида сўралади.
Албатта, аёллар ҳам қабр зиёратларига боришлари жоиз. Фақат, аёллар нозик хилқат бўлганликлари учун, қабр устида ҳис-ҳаяжонга берилиб, дод-вой солишдан ўзларини тия олишлари лозим. Аёлларнинг очиқ-сочиқ кийимларда зиёратгоҳларга боришлари шариатга зид ҳолатдир. Афсуски,баъзан зиёратгоҳларда ўзбек қизларимизнинг очиқ-сочиқ кийинган ҳолда зиёрат қилиб юрганларини кўрамиз.
Қабр зиёратига боришдан мақсад иккита бўлиб, биринчиси-қабрдагиларнинг аҳволини кўриб ибрат олиш ва охиратни эслаш бўлса, иккинчиси-марҳумлар ҳаққига дуо-истиғфор айтиб Аллоҳнинг раҳматини сўрашдир.
Қабр зиёратига боришда марҳумлар ҳолидан ибрат олиш ҳамда уларга салом бериб, дуо-истиғфор ва аллоҳнинг мағфиратини сўрашни ният қилиш лозим. Шунингдек, қабристон-зиёратгоҳда одоб билан юриш,овозни баланд кўтармаслик, дунё гапларидан гаплашмаслик суннатдир. Қабристон-мақбарага киришда қабр аҳлига, ҳадисларда келганидек салом бериб кирилади: “Ассалому алайкум, мўмин-мусулмонлар аҳли.Албатта биз ҳам инша аллоҳ,сизларга қўшилувчидирмиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз”(Имом Муслим ривояти).
Зиёратчи албатта Қуръон тиловат қилади. Жами ўтганларга, мана шу қабристонда ётган мўмин-мусулмонлар, мўминаю-муслималарга бағишлайди. Дуоларида Аллоҳдан бутун элу юртимизга тинчлик, офият сўраб ниятлар қилади. Қабристонда тупурмайди, ҳеч кимга қўпол муомала қилмайди, қабрдан ёки қабрда ётган маййитдан фарзанд, давлат, қарзларига нажот сўрамайди.
Зеро “Авф ва офият, нажот фақат Аллоҳдан” гина сўралади.
Раҳима ИСКАНДАРОВА.
Сирдарё вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси