Қуръони карим тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш энг афзал ибодатлардан бири ҳисобланади. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам, намознинг ташаҳҳудида, яъни аттаҳиётида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтилади. Имом Шофеъий мазҳабларида ташаҳҳуддан кейин саловот айтиш фарз.
Араб тилида “саловот” сўзи “салот”нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам “салот” дейилади. Чунки, намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо “салот” Аллоҳ таоло томонидан бўлганида “дуо” маъносини йўқотади. Худои таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.
Фаришталарнинг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мўмин-мусулмонларнинг Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Аллоҳ таоло ояти каримада:
“Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” (“Аҳзоб” сураси, 56-оят)
Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз, умрида бир маротаба ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак, деганлар.
Баъзи кишиларда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, бизларнинг саловотимизга нима ҳожат бор, деган хаёлга бориши мумкин. Бунга жавоб шуки: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўминлар саловотига эҳтиёжлари йўқ.
Анинг авсофини йўқ интиҳоси,
Нағу етмас деса васфин Худоси.
Яъни, ҳазрати Сўфи Оллоёр айтганларидек, У зоти бобаракотнинг васфларини ниҳояси йўқ, чунки инсу жиннинг мақтови етмайди Роббил аъламийннинг мақтови олдида. Қуръони каримнинг бир неча жойларида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таборак ва таолонинг Ўзи мадҳ этган. Холиқнинг мақтови олдида махлуқларнинг мақтови, албатта, заифдир.
Лекин мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “ Албатта дуо еру осмон орасида муаллақ қолади, дуодан бирон бир калима ҳам кўтарилмайди. Тоинки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот юбормагунча”, дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Жума кунида менга саловотни кўпроқ айтинглар, чунки бунга фаришталар гувоҳ бўлишади. Саловот айтгувчининг саоловотлари тоинки айтиб бўлгунча менга етказиб турилади”. Ва бир саҳоба дедилар: “ Сиз вафот этгандан кейин ҳамми?” Расулуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ таоло ерга пайғамбарлар жасадини ейишлигини ҳаром қилди. Ва Аллоҳнинг пайғамбари тирик бўлади, доимо ризқланиб туради” дедилар.
Абу Жаъфардан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга саловот айтишни унутса, у жаннат йўлидан адашибди”.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимики менга бир кунда 100 та саловот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини раво қилади. 70 таси охиратда ва 30 тасини шу дунёда” – дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Кимики менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло ҳам унга 10 та саловот юборади ва 10 та хатосини кечиради ва 10 даража мақомини баланд қилади” деб марҳамат қилдилар.
Биз қандайин ажойиб, улуғ мақомга эга бўлган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Бирор киши умматларидан дўзахга киришига рози бўлмаган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Қиёматда ҳамма ўз нафси билан овора бўлиб турган пайтда “Умматий, Умматий” деб турадиган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Ҳаётлари давомида бирор марта ҳам тўйиб овқатланмаган, суюкли умматлари учун ҳаётнинг бутун аччиқлигини бошидан ўтказган Пайғамбарнинг умматидирмиз. Азиз биродарлар, мана шундай севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотлар айтишга эринмайлик, у зоти бобаракотнинг суннати санийяларни ҳар қадамда бажаришга сайъи ҳаракат қилайлик.
Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом ноиби.