Шаввол ойининг рўзаси

Мана, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг инояти билан Рамазон ойи поёнига етиб, яна бир фазилатлик ой бўлмиш шаввол ойи кириши арафасида турибмиз.  Дарҳақиқат, Шаввол ойи ҳам фазилатли ва барокатли ойлардандир. Бу ойда соғлиги ва имкони борлар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру савобларга эга бўлишлари ваъда қилинган.
   Шаввол ойи кирганда рўза тутишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорот бўлади. Қолаверса, бир ой Рамазонда рўза тутиб, бирдан ўзини овқатга уриш ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан анча оғир бўлади. Табиблар ҳам бир ой рўза тутган кишиларнинг овқат истеъмолини аста-секин кўпайтиришларини тавсия қилишган. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз, вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Рамазон рўзасидан айрим кунларни тутолмаган киши  аввало  қазосини тутиши, шундан кейин нафлга киришиши зарур.Зеро, фарзлар мукаммал бўлмасдан, нафл ибодатини қилиш мақбул эмасдир.

       Шаввол ойида олти кун рўза тутиш мустаҳаб амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларга ҳам шуни тавсия қилганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам: ”Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий).  Ибн Умар Розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: ”Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади, “ деганлар (Имом Табороний  ривояти).

       Уламолар: ”Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз”, деганлар.

       Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: ”Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”, деганлар.

       Шунингдек, бу ой рўзасининг ҳикмати ҳақида аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни бошқа солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади.”

        “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш), қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” ( Анъом сураси, 160-оят)

 Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари 300 кун, Шаввол ойининг олти куни рўзаси эса 60 кун бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни  ташкил қилади.

         Яна шуни айтиб ўтиш жоизки, ислом тарихида ўчмас из қолдирган кўплаб воқеа-ҳодисалар Шаввол ойида  юз бергани маълум. Чунончи, Тоифга оид тафсилотлар шу ойда юз берган, шу ойда Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам ҳазрати Оишага (розияллоҳи анҳумо) уйланганлар, шунингдек, Бани Қайнуқоч ғазоти, Сувайҳ уруши ҳам шу ойда бўлган. Уҳуд жанги ҳам, Ҳандақ уруши ҳам Шаввол ойида бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар онаси Умму Салама розияллоҳу анҳумага ушбу ойда уйланганлар.

       Мукаррама опа-сингиллар!  Фазилатли тафсилотларга бой ушбу ойни ғанимат билиб, савобли ишларимизни янада кўпайтирайлик. Олти кун нафл рўза тутиб, бир йил мобайнида рўзадор юрганлик савобига эришайлик. Оила аъзоларимизни, яқинларимизни ҳам диннинг аркони бўлган, саломатлигимизни тикловчи, руҳиятимизни кўтарувчи, асосийси, Аллоҳнинг ажр-мукофотларидан баҳраманд этувчи ибодатларга чорлайлик.

        Марҳаматли Аллоҳ  тутган нафл рўзаларимизни, Ўзигагина қилган дуоларимизни қабул қилсин, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин, гуноҳларимизни кечирсин, даражаларимизни улуғ қилсин, икки дунёда юзимизни ёруғ қилсин.

        Фазилатли она, дуогўй буви, ибодатли, итоатли, сабрли жуфти ҳалол, фариштали, иболи, солиҳа қизларимизга  динимизга хизмат қилувчи уламонинг ортида турувчи илмли, тақволи Аёл бўлишларини тилайман.  Амин!

                                                

Муяссар Ҳасанова

Гулистон шаҳар отинойиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan