Дарҳақиқат, мусулмон кишининг зиммасида бир қанча бурч ва вазифалар бор. Аввало, Яратган Парвардигори олдидаги бурчлари, сўнгра ота-она, фарзанд ва бошқа қариндошлари, диндошлари, шунингдек, қўшнилари олдидаги бурчларни тўлиқ бажарса, имтиҳон ҳаётида синовдан яхши ўтиб, дунё ва охиратда юзи ёруғ бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яxшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят).
Қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳим эканлигига ишора қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида яна шундай дейилади: “Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим”.
Қуйидагилар қўшничилик бурчлари жумласига киради:
- Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ,
• гаплашганда гапни чўзмаслик,
• кўп савол бермаслик,
• касал бўлганда кўргани бориш,
• бошига мусибат тушганда таъзиясида бўлиш,унинг билан бирга сабрли бўлиш,
• севинчли онларида қутлаш, унинг севинчи билан севиниш,
• хатоларини кўрмасликка олиш,
• уйини жосусларча кузатмаслик,
• деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик,
• унга тегишли жойдан сув олмаслик,
• уйининг олдига ахлат ва супуринди тўкмаслик,
• ҳақроҳа (ўтиш йўллари)ни торайтирмаслик,
• бирон баҳона билан уйига қарамаслик,
• қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик,
• керагида, унинг мардлигига сўз теккизаётганларнинг сўзини бўлиш,
• ўзи йўқлигида уйини қўриқлаш,
• унга қарши айтилган сўзга қулоқ солмаслик,
• маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ,
• хизматчисига қарамаслик,
• боласига ширин сўзлар айтиш,
• диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини иршод қилиш.
Абдували ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби