Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
Муҳтарам ва азиз юртдошлар! Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида ожизона бажарган ибодатларимизни қабул қилсин. Ўзининг ибодатига тавфиқ бергани учун Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!
Бугун Ислом динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни. Бу вақт – бениҳоя хурсандчилик, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.
Бу йил Рамазон кечаларида ўқилган таровеҳлар, хатми Қуръонлар жуда файзли ўтди. Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. Ваҳоланки, ўтган йиллар пандемия сабабли бу неъматларга ета олмаган эдик. Аллоҳга беадад шукрки, жорий йили пандемия шароитида бўлса ҳам, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, таровиҳ намозларини адо қилиш, хатми Қуръонларни амалга ошириш имкониятига эга бўлдик. Халқимизнинг тартибли, масъулиятли экани яна бир бор исботини топди. Хатми Қуръонлар чиройли тартиб билан ниҳоясига етди. Уламоларимиз ва имом-хатибларимиз намозхонларга ўзларининг ваъз-насиҳатларини бу ойда кўпроқ қилишга ҳаракат қилдилар.
Хуллас, бу муборак ойни ўзига яраша ҳурмат ва эҳтиром билан кўнгилдагидек кутиб олиб, рисоладагидек кузатишга муваффақ бўлдик, иншааллоҳ.
Мана шундай хурсандчилик кунларга эсон-омон, хотиржамликда етиб келганимиз учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз. Зеро Парвардигоримиз шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилади, ношукрликнинг эса охири жуда ёмондир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).
Қадрли юртдошлар! Ҳайит бу – хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлардан иборатдир! Ҳайит намозини адо этгандан сўнг, биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру-биродарларимизни зиёрат қиламиз. Улардан ҳол-аҳвол сўраш ва кўнгилларига хурсандчилик киритишга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечирсинлар, Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб бўлмасинлар.
Бугун – мусулмонларга қувонч улашиладиган кун! Шунинг учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал. Аммо булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Айниқса, ҳайит кунлари фотиҳахонлик мақсадида хонама-хона юришларимизни қисқартириб, кишиларга озор бермайдиган тарзда ўтказсак, маъқул бўлади.
Умуман, ҳайит кунлари карантин талабларига риоя этишни унутмаслигимиз зарур. Ўзини беҳол сезаётган фуқаролар, айниқса, ковид аломатларини ҳис қилаётган юртдошларимизни уйда ўтириш, шифокорларга мурожаат қилиш ҳамда жамоавий тадбирларда қатнашмасликка чақирамиз. Шунингдек, ёши улуғ отахон-онахонлар бор оилаларда зиёратлар давомида кексаларга коронавирус юқтириб қўйишни олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриб қўйишимиз зарур.
Ушбу улуғ айём кунларида қилаётган тоат-ибодатларимиз ва дуоларимизни Аллоҳ таоло ижобат этиб, барчамизни имон-эътиқод, меҳр-оқибат, садоқатда доим собит қилсин. Эл-юртимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик-осойишталик ва қут-баракани бардавом қилсин! Коронавирус балосини даф бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб айласин. Мана шундай синоввли кунларда Унинг Ўзи бизларга чиройли сабр берсин. Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт тилайман! Ватанимизни, халқимизни, мусулмон умматини бало-қазолардан Ўзи асрасин! Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Сирдарё вилоятидаги вакили.