Ислом аёлларга раҳм-шафқат, меҳр кўрсатиш билан унинг мақомини кўтарди ва бахтли ҳаёт кечириши учун муқаддас қонунларни жорий этди. Ушбу қонунларнинг бажарилиши Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари орқали мустаҳкамланди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида “Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг хурсанд қиладиган, амр қилсанг итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир,” деганлар.
Шариат қонунларида тарғиб этилган таълим туфайли оилали аёллар, она, рафиқа, уй бекаси, опа-сингил сифатида қадрланади. Оталари, эрлари, ака-укалари, уларнинг ор-номусларини ҳимоя қилишган, ҳамда моддий-маънавий жиҳатдан мунтазам қўллаб туришган. Исломда яхшилик ва хақ гўйлик жамиятнинг ҳамма аъзоларига таълуқли. Бу нарса биринчи навбатда оила ва асосан, эр-хотин ўртасидаги муносабатларда шаклланмоғи лозим бўлади.
Аллоҳ ҳар бир мусулмон кишига ўз аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлишни буюради. Абу Хурайро р.а. ривоят қиладиган ҳадисда “Аёл қовурғадан яратилган бўлиб, агар уни тўғрилашга ҳаракат қилсанг, синдириб қўясан. Бас, шундай экан, аёллар билан яхшиликча маслаҳатлашингизлар” дейилади.
Аёлларнинг ақл-идроки, ор-номуси, хақ-ҳуқуқлари Исломда улуғланган экан, Мустақил Ватанимизда соғлом авлодни тарбиялаш, оилани мустаҳкамлаш, аёлларни эъзозлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этишдек муқаддас диний ва инсоний бурчларни адо этиш билан бир қатор амалий дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Оиладаги саодат Аллоҳнинг тавфиқидан сўнг аёлнинг ўз қўлларидадир. Аёл уни жаннатга айлантириши ёки аксини қилиши мумкин.
Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиши ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириши мақсадида қурилади.
Қуръони Каримда: Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. (Зарийат 49). Аллоҳнинг ҳикматнини қаранг-ки, мавжудотларнинг энг олийси – одамзодни ҳам ўз жуфти билан бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушида, феъл-атфорида, фикрлашда ва айни пайтда бир-бирини тўлдирадиган қилиб яратган.
Оила – сирли ва нурли қўрғон. Ота – унинг осмони,
она – унинг офтоби. Ота-она зурриёдлари учун ибрат намунасидир. Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қизларни чин ихлос ва садоқат билан тарбиялаб, иймонли ва эътиқодли, комил инсон бўлиб етишишларинм таъминлаш асосий вазифамиздир.
Бугунги кунда жамиятдаги аёлларимизнинг ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, салбий иллатларнинг олдини олиш ишларига эътибор кучайиб бормоқда. Аллоҳ хайрли, савобли ишларни, шунингдек, муҳим вазифаларни эркакларга юклаш билан бир қаторда аёлларга ҳам уларга тегишли бир мунча масъулиятли ишларни адо этишни буюрган.
Илк болалик давридан бошлаб қизларни тозалик, поклик, ҳалоллик ва ростгўйликка ўргатиш, “ўрганганинг ўзингга фойда, қилганинг менга фойда” қонуниятига асосланиб тарбиялаш, қизларда ибо-ҳаё, одоб, ҳамда миллий қадриятларга нисбатан масъулиятли қилиб шакллантириш, қизларни ота-она ва умуман, катталарга муносабат ҳамда муомила жараёнига ўргатиш, уларда уй-рўзғор ишларини бажариш малакаларини шакллантириш, бирон бир касб-ҳунар, замонавий билимларни эгаллаш, қизларнинг жисмонан соғлом, маънан етук, ахлоқан баркамол бўлиб етилишлари, ота-оналар томонидан қизлар қулоғига айтиладиган гаплар, гаплашиш одоби орқали ибо-ҳаёни сақлаб қолишнинг қадриятларини ўргатиб бориш лозим.
Гулистон шаҳар отинойиси
М.Юлдашева