Бугун 2018 йилнинг 14 февраль куни Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 200 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида суҳбат ўтказилди ва сурдо таржима олиб борилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари И.Муминов, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси М.Абубакирова, ЎМИ вилоят вакиллиги ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда маърузачилар томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямаслик алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу диний-маънавий тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.





Тадбир сўнгида Гулистон шаҳридаги “Осиё” кошонасида хайрия дастурхони ёзилди, эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган ҳамюртларимизга совғалар улашилди. Мазкур диний-маърифий тадбир кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Хусусан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар кўрсатилган бундай эҳтиром ва эътибордан миннатдор бўлиб, эзгу тилаклар, дуои-хайрлар қилдилар.
ЎМИнинг Сирдарё вилояти
вакиллиги матбуот хизмати