«ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ»

Сирдарё вилояти юртимиз вилоятлари ичида энг ёши ҳисобланади. Вилоятимиз кўп миллатли халқлардан иборат бўлиб, бир-бирлари билан аҳил-иноқликда вилоятимизнинг обод бўлиб, гуллаб яшнашида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Қўшничилик тушунчаси халқимизнинг ҳаётида мустаҳам ўрнашиб, бошқа халқларга бу борада ибрат бўлиб келмоқда. Маҳаллада қўни-қўшнилар хоҳ тўй, хоҳ аза бўлсин, ўзаро маслаҳатлашиш ва ёрдамлашиш, меҳмонларни кутиб олиш ва уларни кузатиш, ҳайит кунлари бир-бирининг уйига таом чиқариш гўзал урф-одатимизга айланиб кетган.

Аслида қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, касал бўлганда ҳолидан хабар олиш, уларнинг тўй-ҳашамларида хурсандчилигига шерик бўлиш ва мусибат етганида суянчиқ бўлиш каби қўшничилик одобларига риоя қилиш мўмин кишининг вазифасидир.

Ислом динида қўшничилик муносабатларига катта эътибор берилган. Жумладан, Қуръони каримнинг Нисо сураси 36-оятида шундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-онага яxшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздагиларга ҳам яxшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Эътибор берсак, қўшниларга яхшилик қилиш динимизда буюрилган энг асосий амаллар билан бир қаторда баён қилинмоқда. Бу эса қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари на қадар муҳим эканлигига ишорадир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларида шундай деган эканлар: “Жаброил менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқдирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласа керак, деган хаёлга бордим”.

Қўшнилар уч хил бўлади:

Биринчиси, битта ҳақга эга бўлган қўшни. Бундай қўшни бошқа дин вакили бўлиб, унинг қўшничилик ҳаққи бор.

Иккинчиси, иккита ҳақи бор қўшни. Иккита ҳақи бор қўшни мусулмон қўшнидир, унинг мусулмонлик ва қўшничилик ҳақлари бор.

Учинчиси, учта ҳақи бор қўшни. Учта ҳақи бор қўшни эса, мусулмон ва қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлари бор.

Демак, қўшни ўзга дин вакили бўлса ҳам, у тўлиқ қўшничилик ҳақига эга. Қўшничилик дин, миллат ва ирқ танламайди, қўшни ким бўлишидан қатъий назар унга нисбатан қўшничилик одоблари асосида муомала қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади.

Қўшничиликнинг бир қанча одоблари ва ҳақлари бўлиб, ўнга ҳар бир мусулмон киши риоя қилмоғи лозим.

Қўшнига биринчи бўлиб салом беришга, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бошлашга ҳаракат қилинади. “Бир мўмин билан иккинчи бир мўмин қўл бериб сўрашса, уларнинг ҳузурларига юз раҳмат нозил бўлади, шунинг тўқсон тўққизтаси муомаласи ва хулқи яхшироғига бўлади” – дейилади ҳадиси шарифда.

Бетоб бўлиб қолса, ҳох уйида, ҳох шифохонада бўлсин, бориб ҳолидан хабар олиш, мусибат етганда ҳамдардлик билдириш, мабодо тўй каби турли шодиёналарни нишонлаш арафасида қўшнининг бошига мусибат тушиб қолса, ундан рухсат олгач ниҳоятда одоб билан шодиёнани ўтказиш қўшничилик ҳақларидан ҳисобланади. Чунки қўшни бундай ҳолатда кўнгли чўкиб янада хафалиги зиёда бўлиши мумкин. Шунинг учун тўй-шодиёна  уйдан бошқа жойда, мисол учун тўйхонада ўтказилган тақдирда ҳам, қўшнига алоҳида илтифот кўрсатиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ.

Қўшнини хурсандчилик кунларда муборакбод этиб хурсандчилигига шерик бўлиш, яна янги муваффақият ва ютуқларга эришишига тилак билдириш, хатосини кечириш, деворига ёғоч қўйиб ранжитмаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташлаб аланглайвермаслик, сўзлашувига қулоқ солиб гап ўғирламаслик қўшничилик одоблари сирасига киради.

Алоҳида аҳамият беришимиз лозим бўлган одоблардан бири қўшнининг деворидан мўраламасликдир. Чунки ҳовлида унинг аёл-қизлари бемалол юради. Агар икки қўшнининг ҳовлиси бир-бирига кўриниб турадиган бўлса, ҳовлида қўшнилар кўрса уят бўладиган ёки ғаши келадиган калта, юпқа ва ётоқ кийимларда юришдан сақланиш керак.

Шунингдек, қўшни ҳовлисига фақат чақириб, рухсат сўраб кирилади. Қўшни сафарга кетганда унинг омонатини сақлаб, уй-жойидан хабардор бўлиб турилади. Қўшни йўқ вақтда уйига меҳмон келиб қолса, уй эгаси келгунча меҳмонларига эҳтиром билдириб туриш керак бўлади.

Қўшнининг ҳақлари тўғрисида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим”

Расулуллоҳ (с.а.в.) га саҳобалар бир аёлни мадҳ қилиб, мақтабдилар: “Бир аёл бор, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради” – дебдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир” – деган эканлар.

Дарҳақиқат, қўшничилик ҳақи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки гоҳида ундан етадиган озор, ёмонликларни кўтариш, уларга сабр қилиш ва кечиримли бўлиш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир.

Ҳасан Басрий айтадиларки: “Ҳуснул живор” яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликлигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар”.

Қўшнилар ўртасидаги можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига баъзан хафачиликлар тушиб қолади. Бундай ҳолларда улар бир-бирлари билан узоқ вақт аразлашиб, гаплашмай, балки саломлашмай юрадилар.

“Мусулмон кишига уч кундан ортиқ гина сақлаб, гаплашмай, алоқани узиб юриш ҳаромдир. Учрашганда юзларини бошқа томонга буриб, кўрмаганга олиб юрган бир пайтда, қайси бири алоқани қайтадан бошлаб юбориш ниятида биринчи бўлиб салом берса, шу киши уларнинг яхшисидир” – дейилган ҳадиси шарифда.

Қўшни деганда фақат маҳаллада, ёнма-ён хонадонларда яшовчи инсонларни тушунмаслик лозим. Қўшни деганда чор атрофимиздаги қўшни давлатларни ҳам назарда тутишимиз зарур. «Қўшнинг тинч — Сен тинч» дея доно халқимиз бежизга айтмайди. Айниқса, асрлар оша қон-қариндошлик ришталари мустаҳкам бўлиб келган бу қўшни қардошларимиз билан бизнинг ўртамизга арзимас сабаблар туфайли раҳна тушиши мутлақо йўл қўймаслик керак. Юртимизда тинчлик ва осойишталикни барқарорлаштириш, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган ишлари бунинг яққол намунасидир.

“Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, “Ён қўшним-жон қўшним”, “Қўшничилик минг йилчилик” дейилганидек, қўни-қўшниларимизнинг аҳил-иноқлигига кўз тегмасин.

Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар «Тавҳид»
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *