Ислом динида тинчлик тушунчаси бош ғоя ва шиор ҳисобланади. “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”. (Бақара сураси, 208-оят).
Маълумки ислом динида бегуноҳ одамларнинг жони ва молига қасд қилиш ёки уларни ўлдириш қатъий ман этилган. Айниқса, мусулмон киши бошқа мусулмонни ўлдириши ҳаром қилинган ва унинг жазоси дўзах эканлиги Қуръони Каримда огоҳлантирилган.
“Кимда-ким қасдан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. (Нисо сураси, 93-оят).
Дунёнинг айрим мамлакатларида бўлиб турган офат балолар, фуқаролик урушлари ва ноҳақ қон тўкишларни эшитиб ва кўриб турибмиз. Шу нарсаларни кўриб, ақлимизни йиғиб олиб Юртимизни осмондаги ва ердаги балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳ таолога беадад ҳамд ва шукрлар айтишимиз лозим. Чунки Юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматдир. Аммо тинчлик ва хотиржамлик неъматининг қадрига айримлар етишмайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди, булар сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Ибн Ҳанбал ривояти).
Тинчлик ва саодатга эришиш тўйғуси халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Кексаларимиз маҳаллада хоҳ тўй бўлсин хоҳ маросим бўлсин дуога қўл очиб, юрт тинчлиги ва хотиржамлигини, ҳамда фарзандларимиз сиҳат-саломатлигини сўрайдилар.
Бизлар ҳам доимо тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, ўзаро меҳр-оқибат, инсонларга ғамхўрликни бош шиор қилиб олган муқаддас Ислом динини пок сақлаш, уни турли хил фитна, ғаразли хуруж ва ҳамлалар, туҳмат ва буҳтонлардан ҳимоя қилиш, ёшларга динимизнинг асл моҳиятни чуқур тушунтириш, уларнинг адашиб, турли фитначилар тузоғига илинишларининг олдини олиш чораларни кўриш мусулмонларнинг шу кунлардаги энг муҳим вазифаларидан бўлиши зарур. Зеро, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни эзгулик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишга буюрган: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Айрим мамлакатларда рўй бераётган қонли воқеалар, уруш ва можаролар бизларни бефарқ қолдирмаслиги керак. Бизлар шу юртнинг фарзандлари эканмиз, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраш ва Аллоҳ берган бу улуғ неъмат учун Ҳақ таолога ҳамиша шукр айтишимиз лозимдир. Айниқса нотинч юртларда бўлаётган биродаркушлик урушлар, диний ва милий низолар биздан доимо ҳушёр бўлишни талаб этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармасдан ҳамиша ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб Исломнинг тинчлик ва инсонпарварлик ғояларини рўёбга чиқариш йўлида кураш олиб боришимиз лозим. Уруш чиқариш осон, аммо тинчлик ва барқарорликни таъминлаш қийин ишдир.
Ғофиллик ва бепарволик эса ёмон ва нохуш ҳодисалар бўлишга сабаб бўлади. “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан (англамайдилар). Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир.” (Аъроф сураси, 179-оят).
Аллоҳ таолонинг тинчлик ва осойишталик каби неъматлари ҳақида ўйламайдиган, фақат ўзини ўйлаб, халқининг аҳволи ҳақида қайғурмайдиган лоқайд кимсалардан бўлиб қолмайлик.
Аллоҳ таоло томонидан бизларга берилган бу улуғ неъмат тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етайлик. Тинчлигимизнинг барқарор бўлишни тилаб доимо дуода бўлайлик! Тинчлик ва эзгулик йўлида ҳамкорлик қиладиган, ғанимларимиз фитнасига лоқайд бўлмайдиганлардан бўлайлик!
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби