Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам то қиёмат кунигача инсониятнинг энг комил ва мукаммали бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в) бўлиб, Аллоҳ таоло: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят). Ёки бошқа оятда: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад (с.а.в.)нинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.
Буюк ватандошимиз Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобларида “оламларга раҳмат” жумласининг тафсирида: жин ва инсга, умуман жамики халоиққа раҳматдир. Мўминларга ҳидоят қилиш билан раҳмат, мунофиқларга ўлимдан омонлик бериш билан раҳмат, кофирларга азобни охиратга қолдириш билан раҳматдир, деганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг раҳмат элчиси эканликлари У зотнинг ахлоқларида ҳам намоён эди. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Уҳуд кунида айрим кишилар Ё Расулуллоҳ! Мушрикларни дуойибад қилинг, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен лаънатловчи қилиб эмас, раҳмат қилиб юборилганман”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти). Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганликлари У зотга нозил қилинган шариат аҳкомларида ҳам намоён бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Ахир, уларга тиловат қилинаётган (шу) Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта, бу (Китоб)да имон келтирадиган қавм учун раҳмат (мўъжиза) ва эслатма бордир. (Анкабут сураси, 51-оят).
Ислом дини бағрикенг ва мўътадил дин эканлиги билан барча замон ва маконга мос келади. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа бир оятда: “ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят). Ривоят қилинишича Расулуллоҳ (с.а.в.) Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарийни Яманга элчи қилиб юбораётганларида: “Динни енгил қилиб кўрсатинглар қийин қилманглар, динга қизиқтиринглар нафратлантирманглар, бир-бирингизга итоат этинглар ихтилоф қилманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Муҳаммад мустафо (с.а.в.)нинг умматлари энг яхши уммат бўлиб, барча инсониятга яхшилик тарқатадиган умматдирлар. Чунки Аллоҳ таоло: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” , деди (Оли Имрон сураси, 110-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бу ҳақда: Ё Расулуллоҳ! Одамларнинг қандайи яхши? – деб сўрагнда. Жавобда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Одамларнинг энг яхшиси кўп ва хўб қироат қиладигани, Аллоҳга энг кўп тақво қиладигани, яхшиликка энг кўп буюрадигани, мункар ишдан энг кўп қайтарадигани ва қариндошлик риштасини маҳкам тутадигани”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинким, сизу бизларни охирзамон пайғамбари Муҳаммад мустафо (с.а.в.)га уммат бўлиш бахтига муяссар этди. Зеро, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят). “Ўрта уммат” – умматларнинг яхшиси демакдир. Зеро, ҳар бир нарсада ўртаҳоллик яхшидир.
Буюк муфассирлардан Ибн Жарир ат-Табарий “Жомеъ ал-баён фи таъвил ал-Қуръон”да Аъроф сурасининг 150-ояти тафсирида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Мусо (а.с.): Ё Раббим, мен лавҳда одамларга чиқарилган умматнинг энг яхшиси бўлган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилгин, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, – деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда ҳаммадан кейин яратилиб, жаннатга биринчи бўлиб кирадиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда Қуръонларини қалбларига жойлаб олиб ўқийдиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бер, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда қилган садақотларидан ўзлари ҳам ейдиган ва бунга ажр ҳам оладиган умматни топдим, менга уларни уммат қилиб бер, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда бир яхшиликни ният қилиб уни амалга ошира олмаса битта савоб, агар амалга оширса ўнтадан етти юз баробаргача савоб бериладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда тўғри йўлга чақирилса лаббай деб қабул қиладиган ҳамда дуолари ижобат бўладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Шунда Мусо Лавҳларни улоқтириб ташлаб: Ё Аллоҳим, мени ҳам Муҳаммаднинг умматидан қилгин, деб дуо қилди”.
Бугунги кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Росулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт тарзлари, хулқ-ободларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имоми хатиби