Вақтимизни кўпроқ улар билан ўтказайлик…

Ижтимоий тармоқда кўзим тушиб қолган қуйидаги маълумот менинг эътиборимни тортди: “Ёш гўдак яшаши учун кунига тўрт маротаба қучоққа олиб, бағирга босиш ва меҳр кўрсатилишига муҳтож бўлади. Шунингдек, қалбининг муолажаси учун кунига саккиз марта бағирга босиб, меҳр кўрсатиш лозим. Ўсиб улғайиши ва ривожланиши учун кунига ўн икки марта бағирга босиб, меҳр кўрсатиш керак. Иқтидор эгаси бўлиши учун эса болани кунда йигирма марта бағирга босиш, эътибор кўрсатиш керак бўлади. Вақтимизни кўпроқ фарзандларимиз билан ўтказишимиз уларга кўплаб пул сарф қилишдан кўра муҳимроқдир”.

Ушбу ҳақиқатларни ўқир эканман, атрофда бўлаётган айрим жиноятлар, ўз жонига қасд қилиш ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг сабабларини тушингандай бўлдим.

Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик ёшдаги болаларга қилган гўзал муомалалари ва меҳрибонликлари ҳақида кўплаб ривоятлар келтирилган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот набиралари Ҳасан ибн Алини ўпдилар. ОлдиларидаАқроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Пайғамбариимизсоллаллоҳу алайҳи васалламунга қарата: «Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ривоят қилинадики, халифа ҳазрати Умар бир кишини шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлибди. Котиб фармонни ёзаётганда бир гўдак кириб халифанинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олибди. Халифа болакайни ўпиб, эркалабдилар.

Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб: “Бу гўдак ўз ўғлингизми?” – деб сўрабди. “Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман”, – дебди ҳазрати Умар.

У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканликларига ажабланиб, деди: “Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?”

Халифа бу сўзларни эшитиб, ёзилган фармонни олиб йиртиб ташлабди-да: “Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?!” – деган экан.

Бола психологияси мутахасислари ҳам гўдак ҳаётининг илк даврида ота-онаси кўрсатган меҳр ва эътибор инсон руҳиятининг тўғри шаклланишига замин яратади. Айниқса, 7 ёшгача болалар учун ота-онасининг фикри, муҳаббати етакчи ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам болада соғлом руҳий ҳолат шаклланиши учун, ҳаётининг илк йилларида ота-онасининг меҳри, эркалашини ҳис қилиши муҳим аҳамият касб этади.

Фарзанднинг кийинтириш, едириб-ичириш ва бошқа моддий эҳтиёжлар билан таъминлаш, ўқитиши билан бирга, ота-она фарзандига алоҳида вақт ажратиши, эркалаб бағрига босиши унинг етук инсон бўлишида жуда муҳим. Вақтни кўпроқ фарзандлар билан ўтказиш, меҳр бериш – уларга кўплаб пул сарф қилишдан кўра муҳимроқдир. Шундагина, улар ота-онасига, яқинларига, барча инсонларга меҳр кўрсатади. Чунки, меҳр олган – меҳр беради.

 

Абдували ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan