Оила муборак қўрғон

Оилага эътибор, одоб-аҳлоқ ва таълим тарбия қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бошқа ҳалқларда бўлмаса керак. Шу биргина мақолнинг ўзидан ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғли аҳамиятли иш экани кўринади. Махалла аҳли, айниқса, кексалар кўчада ножўя иш қилаётган бола олдидан хеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, дарров танбеҳ берган, одобга чақирган.

Пайғамбаримиз (алайҳис-салом): “Хеч бир ота фарзандига чиройли одобдан кўра яхшироқ хадя беролмайди” — деб мархамат қилганлар. Яна бир ҳадиси шарифда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-аёлига, оиласига яхшилик қилганларингиз” деб таъкидлаганлар.

Оила жамиятнинг бир бўғини, фарзандимиз қалбида эл-юртга, Ватанга мухаббат туйғулари оилада шакилланади. Жамиятнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-улғайган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси махаллада тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб яшнайди. Бу эса юрт равнақига сезиларли таъсир кўрсатади.

Оиладаги мухит ота-она ўз маъсулиятларини хис қилиш билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли, баркамол бўлиб улғайиши учун оила катта ибрат мактабидир. Халқимиз: “Қуш инида кўрганини қилади” деб бежиз  айтмаган.

Бугун ёшларимизнинг таълим-тарбия олиши учун жуда кўп қулайликлар яратилган. Илм олиш ёки ҳунар ўрганишга  барча шароитлар етарли. Аммо шу билан бирга фарзандларимизнинг онгига таъсир ўтқазиб, диний ва миллий қадириятларимизни, ҳалқимизга хос ҳаё, андиша, иффат каби фазилатларни ҳамда асрлар давомида шакилланган анъаналаримизни йўққа чиқаришга уринаётган бузғунчи ғоялар борлигини асло унитмаслигимиз керак. Ёшларимиз тарбиясига “Оммовий маданият” иллати соя солишга йўл қўймаслигимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз онгида мафкуравий бўшлиқ қолдирмаслигимиз зарур. Турли мафкуравий хуружлардан ёшларимизни асрашда оилалар мустахкам қўрғон бўлсин.

Кенжабой УРМАМАТОВ
Сардоба тумани «Имоми Аъзам»
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan