Мусулмон киши қанча муваффақият ва ютуққа эришмасин, уни ўз меҳнати сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳаматидан деб билади ҳамда ўзига берилган неъматларни қадрлаб, исроф қилмасдан, яхши ўўринларга сарф қилади.
Аллоҳ таоло шукр эвазига зиёдаликни ваъда қилди: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта сизга зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Берилган неъматларни ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга сарфлаш исрофдир. Унинг чегараси катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш, вақтни, умрни бефойда ўтказиш, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир.
Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичиш ҳам макруҳ саналади. Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроқ қилинамиз. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, дейилган.
Баъзи оилаларда ушбу кўрсатмалар унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Оқибатда бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга чиқади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, “одамлар нима дейди?” қабилида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти. Қачон энди: “Аллоҳ нима дейди, рози бўладими шу ишимиздан?”, деймиз. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи ва тежамкор бандаларидан қилсин!
Валижон ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби