Бугун биз улкан имкониятлар даврида яшаяпмиз. Айниқса,
ёш авлоднинг камолоти учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Фарзандлар тақдири, соғлиги, уларнинг келажаги ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларнинг камолини, бахтини кўриш ҳар бир ота онанинг, оиланинг, юртнинг орзуси ҳисобланади.
Мамлакатимизда соғлом боланинг дунёга келиши, унинг соғлигини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида она ва бола саломатлигини асрашга хизмат қилаётган скрининг ва перинатал марказлар фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда аёллар саломатлигига ҳам алоҳида аҳамият берилаётир.
Соғлом боланинг дунёга келиши ва вояга етишида ота оналарнинг тиббий маданияти ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки бундай ота оналар фарзандлари ва ўзларининг соғлигига бепарво бўлишмайди. Фарзанд саломатлиги ота она саломатлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши бу борадаги муҳим тадбир ҳисобланади. Соғлом икки ёш турмуш қурса улардан албатта соғлом зурриёт дунёга келади.
Минг шукурлар бўлсинки, Республикамизда оилага бўлган эътибор, соғлом авлод учун қилинаётган хайрли ишлардан халқимиз жуда мамнун. Зеро жамиятнинг барқарорлиги оила мустаҳкамлиги ва фарзандларнинг жисмоний, аҳлоқий ва маънавий баркамоллигига боғлиқ. Оиладек муқаддас даргоҳга ёшларни ҳар томонлама тайёрлаб бориш биз катталарнинг вазифамиздир. Барча ёшларнинг ўз саломатлиги ҳақида қайғуришларига эътибор беришимиз мақсадга мувофиқ саналади.
Яқинда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги нишонланади. Шундай обод, кўркам диёримизда вояга етаётган фарзандларимиз соғлом бўлса уларнинг зурриётлари соғлом бўлади. Ҳар биримиз фарзанду набираларимизнинг соғлом бўлиши учун уларга меҳр улашишда чарчамайлик.Фарзанду зурриёдларимизнинг соғлиги-оиламизнинг мустаҳкамлигидир. Оилаларнинг мустаҳкамлиги мустақил Ўзбекистонимизнинг нурли келажаги пойдеворидир. Шундай экан маҳалламиздаги, оиламиздаги ёшларнинг соғлигидан хабардор бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиз деб билайлик.
Яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин. Соғлом йигит қизларимиздан соғлом зурриётлар дунёга келсин.
Шахриниса Султонова.
Мирзаобод тумани бош отинойиси.