Иддада ўтириш ҳақида

“Идда”  сўзи  луғатда  “санаш”,  “ҳисоблаш”  маъноларини билдиради.

Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа эрга тегмай ўзини сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

      Бу ҳукмнинг шариатга киритилишининг ҳикматлари кўп. Биз ушбу мақолада  эри вафот этган  аёлнинг иддаси  ҳақида тўхталмоқчимиз. Эри ўлган аёлнинг  иддаси  тўрт ою ўн кундир. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз бирор маййитга уч кундан ортиқ мотам қилишдан наҳий қилинган эдик. Магар эр бўлса тўрт ойу ўн кун эди. Сурма қўймас, хушбўй нарса суртмас, бўёқли кийим киймас эдик. Магар асли бўялган бўлса бўлаверар эди. Батаҳқиқ, биримиз ҳайзидан пок бўлганда қачонки ғусл қилса, бир оз «куст»га (хушбўйлик) рухсат берилган эди”( Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

    Агар аёл ҳомиладор бўлса, идда фарзанди туғилгунича давом этади. Бу билан насл-насаб аралашиб кетишининг  олди олинади.

    Аёл эри вафотидан кейин иддада ўтириши билан  никоҳнинг ҳурматини, шунча йил бирга яшаганлик ҳурматини, қолаверса, фарзандлар ва қариндошлар олдида  меҳр-оқибатнинг ифодасини намоён қилади. Дарвоқе, иддадаги аёл зийнатланмайди, ёрқин рангли кийимлар киймайди. Ушбу муддат ичида  унга совчи жўнатиб, турмушга чиқиш таклифи берилмайди. Идда даврида, узрли сабаблар бўлмаса, аёлнинг уйдан чиқмагани маъқул.Жуда чорасиз қолгандагина чиқиши мумкин, лекин  иддадалигини унутмаслиги, иложи борича тезроқ уйига қайтиши жоиз.

     Биз фаолиятимиз жараёнида давраларда  аёлларга хос фиқҳий масалалар, аёлнинг оила ва жамиятда тутган ўрни ва вазифалари, аёллар томонидан  амалга оширилаётган бидъат-хурофотларнинг олдини олиш  каби мавзуларда суҳбатлашамиз ва  бу тадбирларнинг самарали  таъсири  бўлаётганига гувоҳ бўламиз. Ачинарлиси шундаки, шунча  диний-маърифий  мавзуларда тарғибот тадбирлари  олиб борилишига қарамай,   шариат ҳукмларига бепарво бўлаётганлар, “ота-бобом қилганини қиламан”, деб ўзига қийинчилик туғдираётган, бошқаларни ҳам йўлдан адаштираётганлар йўқ эмас. Бундай ҳолатни иддада ўтириш борасида ҳам кўриш мумкин. Турмуш ўртоғи вафот этиб, 4 ой 10 кун идданинг йўл-йўриқларига  тўлиқ амал қилаётган солиҳа аёлларимиз кўпчиликни ташкил этсаларда, “Менинг ёшимдагилар идда сақламаса ҳам бўлади,  идда туғадиган аёллар учун”, деб шаҳарма-шаҳар, ҳовлима-ҳовли қидириб, шариат ҳукмини қўрқмай ўзларига мослаштириб олганлар ҳам учрайди. Мана шундай аёлларимизга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф домланинг “Бахтиёр оила” китобини ўқиб чиқишларини тавсия қиламан. Шояд бидъат амаллардан қутилсалар.

     Аллоҳ таоло барчамизга Қуръони карим ва суннати шарифга амал қилиб боришлигимизни насиб айласин! Омин!

Одинахон Раҳимова,

Гулистон шаҳар отинойиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan