Луғатда муҳаррам сўзи ҳурматланган ҳаром қилинган улуғланган маъноларини англатади. Демак муҳаррам ҳурматли ой дегани экан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади. Албатта Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси уриш қилиш ҳаром ойлардир. Мана шу тўғри диндир. У ойларда ўзингизга зулм қилманг. (Тавба 36-оят) Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ушбу оятни шарҳлаб Бу тўрт ой Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражабдир деганлар. Шу боис ушбу ойларда мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ва бошқа дин вакилларини ранжитиб қўйишдан эҳтиёт бўлишлари ҳамда бу ойда хар кимнинг ҳурматига риоя килиш лозимдир. Муҳаррам ойи Рамазондан кейинги ўринда туради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз росули акрам (алайҳиссалом) Рамазондан кейинги энг афзал рўза Муҳаррам ойининг рўзасидир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир дедилар. Муҳаррам ойида энг улуғ кунлардан бири Ашуро куни бор. У араб тилида Ашур –унинчи деган маънони билдиради. Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ Танбеҳул ғофилийн номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят килиб айтадилар Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул килинган Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб бунинг шукронасига рўза тутган Фиръавн ғарқ этилиб Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг албатта тутгин. Демак шу куни инсоният тарихида жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлган экан. Унинг шукронасига ўша куни ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавми рўза тутишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни руза тутаётганини кўриб нима учун рўза тутаяпсизлар деб сурадилар. Улар бу яхши кундир Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган деб жавоб беришди. Шунда у зот Мен Мусога сизлардан кура ҳаклироқман дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Яна бир ҳадиси шарифда Росуллуллоҳ (алайҳиссалом) Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф килинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар дедилар. Шунга кўра уломолар Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир дейишган. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят килинади Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан дедилар. Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидир. Уломолар беш вақт ва жума намози рамазон рўзаси ва фазилатли кунлардаги рўза каби ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади деганлар. Хулоса шуки муҳаррам ойида нафл ибодатларни кўпайтирсак жумладан ундаги Ашуро куни ва ундаги бир кун олдин ёки кейинги кун нафл рўза тутсак кўплаб ажру мукофотларга сазовар бўламиз иншааллоҳ. Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати бор. Кимики бу кунларда рўзғорини бут қилиб қўйиши суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг сарф-ҳаражат қилса Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.
Фарход дома РАҲМОНОВ
“Гулистон” жоме масжиди
имом-ноиби.