Мустақиллиг шукронаси

 

Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Аксинча, шукур қилиш ўрнига нолийдиган бўлсак Аллоҳнинг қаҳри келишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Агар шукр қилиб ўз бурчингизни бажарсангиз, албатта сизларга (неъматимни) зиёда қиламан. Агар нонкўрлик қилсангиз, албатта, азобим қилинган жиноятга боғлиқдир”, -дейди (Иброҳим сураси.7-оят)

Аллоҳнинг бизга берган улуғ неъматларидан бири бу- юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати туфайли ҳаётимиз осуда, хонадонларимиз обод, фарзанду набираларимиз шод- хуррам. Тинч элга байрамлар ярашади, тўйлар ярашади.

Мустақиллик даврида яна бир шукроналик борки, ҳукуматимиз раҳбарияти барча соҳалар қатори  диний соҳага ҳам катта эътибор қаратмоқдалар. Хусусан, Президент Ш. Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Бугунги кунда Юртимизда диний олийгоҳ ва мактабларнинг ишлаши, янгиларининг очилиши диний соҳага берилаётган эътиборнинг далилидир.

Айниқса, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик тўйи арафасида 2021йил 23 август куни Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаши,диний-маърифий соҳа вакилларининг ҳам бу  эсдалик нишон соҳиби бўлганлари жуда ҳам қувонарли ҳолдир.

2021 йил 28-29 август кунлари республикамизнинг барча вилоятларида бўлгани каби, Сирдарё вилоятида ҳам турли соҳа вакиллари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотландилар. Улар орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигида ва туманларнинг жоме масжидларида хизмат қилаётган бир гуруҳ тажрибали имом- хатиблар ва отинойилар ҳам борлиги Аллоҳга ва унинг берган неъматларига шукроналикни яна ҳам кучайтиради.

Мукофотланган имом-хатиблар ва отинойиларни юксак эътироф билан муборакбод этамиз.Уларнинг келгусида вилоятимизнинг турли ҳудудларида диний соҳанинг ривожига ҳисса қўшишлари ва халқимиз қалбида шукроналик ҳиссини кучайтиришлари борасида улкан ютуқлар тилаб қоламиз.

Азиз юртдошлар Мустақилликнинг 30 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Раҳима Искандарова. Сирдарё вилояти
вакилининг хотин –қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan