«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумуъа сураси, 10-оят).
Дунёда қанча инсон бўлса, Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл ҳам шунчадир. Аллоҳ ҳар бир бандасига ўзгага бермаган қобилият ва ажралиб турадиган хусусият берган. Ҳар ким ўзи қодир бўлганича Аллоҳ таоло томон интилади ва У Зотнинг розилигини топишга ҳаракат қилади. Аллоҳ барчани бир-бирига эҳтиёжи тушиб турадиган ва турли касб-корга қизиқадиган қилиб яратди. Баъзи касбларни бошқаларига нисбатан фазилатли, манфаатли килди. Шу билан бирга, унинг шаръий томонлари ва қай йўлсинда бажарилса, тараққиёт сари юзланишини ва ҳар бир касб эгаси қандай сифатларга эга бўлиши кераклигини ҳам баён қилди. Шундай касблардан бири савдогарлик касби бўлиб, шариатимиз Қуръоний оят ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ила кишиларни бу ишга тарғиб қилган ва тижорат мақсадида сафар қилишни «Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш», деб номлаган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобий розияллоҳу анҳунинг бошлари ёрилиб, бир оз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-соттидан олдин савдолашаётган одамга, алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Шояд шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаса. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром экани кўриниб турибди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.
Шарҳ: Баъзи бир савдогорлар ўз молини ўтказиш учун, ёлғон – яшиқ гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи, харидорлар, унинг қасамига ишониб молини сотиб олади. Ҳалиги савдогор савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани учун, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Балки, бошқа томондан бало-офатлар ҳам етади.
Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги керак. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб, қандоқ сотаяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга, қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан эмасдир, ким алдаса», дедилар». Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслим ва Термизийнинг лафзида: «У зот: «Эй, таом эгаси! Бу-нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.
«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган, савдога қўйилган мол буғдой бўлган экан. Буғдойга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ноўрин фойда кўради. Иккинчидан ёмғир теккан буғдой сақласа, турмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун уни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан эмас» деганлари, менинг динимда эмас, деганларидир.
Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.
Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Нима қилиб бўлса ҳам, харидорни алдаб молни ўтказиб олишдан бошқа қайғу-ташвиш йўқ.
Яхши сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш энг осон услуб.
Аввалгиларга ўхшаб, ёмғир тегиб қолувди, дейиш йўқ, зироат маҳсулотини бозорга узиб ёки териб олишдан олдин, албатта, сув қўйилади томиридан сув ичиб тўйиб олган маҳсулот торозу босади, уни еган одамни эса дард алам босади.
Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйнинг терисини оёғидан тешиб шишириб, олиб бориб сотганлар, уни олиб келган одамнинг уйида дами чиқиб кетганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла-найранглар бозорда учрайди. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчилар ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!
Аллоҳдан қўрқиш керак. Алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган молу-дунё ҳаром бўлади. Эгасига юқмайди. Бошига битган бало бўлади. Қиёматда ҳам шарманда қилади.
Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига афсус надомат, охират шармандалигини келтирадиган касб бўлар экан. Ҳар бир тожир ушбу ҳадисларда зикр қилинган уч сифат:
1. Аллоҳга тақво қилиш.
2. Яхшилик қилиш.
3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.
Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.
Аслини олганда тожирлик ҳам, шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат. Чунки, тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа онамизнинг моллари ила тижорат қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган.
Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал, деган савол берганларга, жавоб бера туриб, баъзи ҳолларда тижорат афзал эканлигини таъкидлаганлар.
Аммо, ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
Мана, ушбу ҳадис олдимизга тожирнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қилиб қўймоқда.
Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўр хили қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади.
Тақводор, содиқ ва омонатли хили, қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга тирилтирилади.
Сирдарё вилояти Ховоc тумани “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имоми:
Ёрбеков Абдурауф.