Аллоҳ таборак ва таоло ўз иродаси билан инсон зотини яратди ва унга ақл-идрок, онг ато этиб, бошқа барча жонзодлардан азиз ва муккарам қилиб қўйди.
Аллоҳ таоло “Исро” сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик.»-дейди.
Шу билан бир қаторда инсониятга буюк масъулият Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтириш, ер юзини обод этиш, инсон наслини жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш турли гунохлардан сақланиш ва доимо яхшиликка буюриш инсон зиммасига юклатилди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам «Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга кўпроқ манфаати тегадигани», деганлар. Инсон ўз юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ бўлиб, ўз зиммасига олган илоҳий омонатга хиёнат қилиши ноинсоний хислатдир. Разил, иймони йўқ кимсалар, гиёҳванд моддаларни юртимизга олиб келиб, катта-катта маблағлар эвазига уни сотиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини бузиш, фарзандларимиз, келажак авлоднинг соғлигига раҳна солишдек мудҳиш мақсадларн кўзламоқдалар.
Террорчилик ҳаракатлари, зулм ва зўравонлик муқаддас динимизни — ақидаларини, миллий қадриятларимизни оёқ ости қилишдир. Бундай террорчилик хуружлар, зўравонлик муқаддас динимизни таълимотига, инсонпарварлик ва меҳрли-оқибатли бўлишга мос келмайди. Бу инсониятга қаратилган мудҳиш жиноят ҳисобланиб ислом дини таълимоти уни қатъий қоралаб рад қилади.
Дунёнинг турли мамлакатларида бўлаётган террористик хуружлар, бегуноҳ одамларни қони тўкилишлари, одамларни бўлмағур ақидаларга алданиб қолишлари, фитна фасодлар чиқариб турли-хил оқимлар чиқиб ислом динини ниқоби остида ҳар-хил бузуқ ақидаларни тарғиб этиб, соф ақидамизни бузиб, халқимизни онгига ўзларининг бузуқ ақидаларини, ғояларини сингдиришга ҳаракат қилишмоқда.
Мамлакатимизда, аввало ёшларни турли манфаатдор кучлар таъсирида бузғунчилик, низо ва фитна чиқариш билан шуғулланаётган ҳаракатлар таъсиридан сақлаб қолиш ҳар биримизнинг юксак бурчимиздир.
Ватанни севиш баландпарвоз гаплар билан эмас балки сидқидилдан ҳис қилиб улуғларимиз айтган ўгитларга амал қилиш билан бўлади.
Лутфуллоҳ ЗОКИРОВ
Ширин шаҳри “Нурли йўл”
жоме масжиди имом-хатиби