Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, умр, соғлик, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади.
«Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).
Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида ким ўзарга қилишга, ўзини кўз-кўз қилишга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Баъзи холларда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади: яъни: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар,
Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:
«Еб-ичинглар аммо исроф қилманг. Чунки, У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят)
Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Одамлар тўрт тоифадир: сахий, бахил, исрофгар ва тежамкор дейди. Сахий дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши, бахил дунёда ҳам охиратда ҳам насибасини қолдирмаган киши, исрофгар охират насибасини дунёда ишлатган киши, тежамкор дунё ва охиратда насибасини олган киши”, деганлар.
Афсуски, биз бугунги кунда кўплаб исрофларга йўл қўймоқдамиз. Фақат таом исрофи билан чекланиб қолмасдан, умр исрофи, вақт исрофига ҳам муккасидан кетиб қолдик.
Аллоҳ таоло ўзи барчамизни тежамкор ва неъматлардан тўғри фойдаланувчилар қаторидан қилсин.
Баҳодир СУЮНБОЕВ
Гулистон шаҳар «Ат-Термизий»
масжиди имом-хатиби