Фарзандларимизга боғча ва мактаб ёшиданоқ Ватанни севмоқ ва ота-онани ҳурмат қилишдек таълим-тарбия берилар экан келажакда фарзандларимиз Ватанга хизмат қиладиган, оиласини севадиган, илмли фарзандлар бўлиб униб-ўсадилар ва сизу-бизга берилган улуғ неъмат бўлган тинчликни қадр-қиймати бебаҳо эканлигини англаб, уни кўз қорачиғидек асрайдилар. ИншаАллоҳ!
Ҳозирги кунда одам савдоси, гиёҳвандлик каби жирканч жиноятларни ўзида мужассам этган экстремизм ва терроризм балоси бутун дунё халқларининг умумий муаммосига айланди. Ёшларимизни ана шундай жангари оқимлардан сақлаш ота-оналар, жойлардаги масъул шахслар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, хуллас, барча виждони бор одамларнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Авваллари ота-оналарнинг иззат-ҳурматини сақлаган йигит-қизлар уларни рухсатисиз бегона юрт тугул, кечаси кўчага ҳам чиқмас эдилар. Ҳозирда эса айрим ота-оналар фарзандини қайси давлатда, нима билан машғул эканлигига ҳатто қизиқмайдилар ҳам. Демак, ота-оналар асосий вазифаларини унутиб, фарзандлари тезроқ ва кўпроқ пул топишини хоҳламоқдалар. Ўзларининг орзу-ҳавасларини амалга ошириш мақсадида фарзандларини сўраб-суруштирмай чет элларга чиқишига рухсат беришмоқда. Ваҳоланки уларни ёт оқимларга аралашиб қолишига кафолат бераолмайдилар. Ҳар куни ҳар бир оилада фарзандларига тинчлик ва соғлик неъмати, унинг қадр-қиммати ҳақида сўзлаш ҳам ота-оналарнинг бурчи ҳисобланади.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва бунёдкорликлар ҳар биримизни хурсанд қилади. Келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимизни мана шундай тинчлик осойишталик ҳукм сураётган жонажон Ватанимизда илмли, маърифатли бўлиб, Ватанини севадиган, халқига хизмат қиладиган фидоий фарзандлар бўлиб етишишларига ҳар биримиз масъулдирмиз. Демак, ҳар бир инсон ўз оиласи, Ватани тақдирига бепарво бўлмаслиги ва олий неъматлардан бири бўлган тинчликнинг барқарор бўлишлигига ҳисса қўшиши маъсулиятни ҳис этиб яшаши билан бевосита боғлиқдир.
Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани “Тавба”
жоме масжиди имом-хатиби