Ёт ғоялар – келажак заволи

Пок динимизни экстремизм, терроризм, миссионерлик, ”Ҳизбут тахрир”, соҳта салафийлик, “оммавий маданият” каби ёт, бегона ғоялар билан “безаб”, инсониятга хунук кўрсатиб, диндан бездиришга интилувчи ғаламислар бугунги кунда ҳам ўз мақсадларини амалга ошириш учун турли воситалардан фойдаланмоқдалар.

      Ачинарлиси, носоғлом эътиқод эгалари  ёшларимизга турли йўллар билан таъсир ўтказиш орқали  оиланинг, маҳалланинг, бутун бир жамиятнинг хавфсизлигига раҳна солмоқдалар.                                 

       Ҳозирги кунда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун – моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб нотўғри изоҳлашга ва одамларни, айниқса, ёшларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Бунда исломнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради. Аслида турли фитналар уюштириш ва тарқатиш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган : “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят)

  Дарҳақиқат, ғоялар кураши авж олган асримизда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этмоқда.
       Диний билимга эга бўлмаган  нозик хилқат эгалари бўлмиш аёлларимиз, ўсмир ёшларимиз бугунги кунда Маҳмуд Абдулмўмин, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Абу  Салоҳ, Содиқ Самарқандийларнинг бузғунчи маърузаларини  эшитмаяпдилар, дея олмаймиз.Бундай манфур кучларга қарши курашда ғоявий тарбия, хусусан, аёллар ва ёшлар онгида юксак маънавиятни шакллантириш масалаларига янада эътиборни кучайтириш зарур.

      Дарвоқе, бугун юртимизда бузғунчи ёт мафкураларга қарши кураш чора-тадбирлари “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш зарур. Чунончи, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
  Хўш, нима қилиш керак? Қандай қилинса мақсадга мувофиқ бўлади?
Бу борада диний уламолар томонидан ҳам турли фикрлар, раддиялар айтилиб, маърузалар қилинаяпди, таҳдидларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилаяпди.Ушбулар асосида баъзи фикрларни билдиришни айни пайтда жоиз, деб ҳисоблаймиз;

–  аввало, ёшлар онгига соф Ислом ақидалари ва тушунчалари, эътиқодга оид маълумотлар диний мутахассислар томонидан сингдирилиши зарур;

–  ҳозирги кунда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун  уларни интернетдан фойдаланиш қонун-қоидалари ва биринчи ўринда динимиз белгилаб берган одоблар билан таништириш керак;

–  интернет сайтларида ёшларни зериктирмайдиган, балки улар учун янгилик ва кашфиёт сифатида қабул қилинадиган даражадаги ижобий, ахлоқий, диний-маърифий маълумотларни кўплаб тарқатиш, уларнинг қалбида  ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак;

– миллий қадриятлар, диний ва ахлоқий маълумотларни тўғри ҳолда тарқатаётган сайтларни кўпайтириш лозим;

–  ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш учун сафарбар қилинган мутахассислар холис, ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар ва шу билан бирга ўзи тарғиб қилаётган миллийлик ва маънавият талабларига ҳақиқатан амал қилиб, ўрнак бўла оладиган, бу борада ҳар тарафлама халқнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган, уларнинг ишончини қозонган, доимо ўзининг шахсий манфаатларидан кўра элу юртнинг манфаатларини юқори кўра оладиган даражадаги намунали мутахассислар бўлишлари  керак.

    Шу ўринда оналаримизга айтар сўзим шуки, ҳамма маърузаларни фарқламай эшитиб, шундай бўлиши керак экан, деб алданиб, адашиб қолмасликлари учун фарзандларимизни назорат қилайлик.Ўзимизнинг юртда фаолият юритаётган, масъулиятни тўлиқ хис қилган холда динимиз йўлида хизмат қилаётган уламоларимиз, мударрису муаллим-устозларимиз, имом-хатибларимиз маърузаларини эшитайлик, китобларини ўқийлик, жигарбандларимизга  ҳам  мана шулардан илм олишларини  тавсия қилайлик.

     

    Ёшларимизни  дунёқараши кенг, илмли, ишонч-эътиқодли, забардаст қилиб тарбияласак, ҳеч бир мафкура  бўронлари  уларни йиқита олмайди, иншаа Аллоҳ.

Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

 

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan