Яхшидан боғ қолади!

Ислом динида атроф муҳитни покиза сақлаб, кўкаламзор қилиб, турли дарахтларни экиш савобли амаллардандир. Айниқса, ҳозирги кунда бундай ободонлаштириш ишларига эҳтиёжимиз янада ортиб бормоқда. Дарахтларнинг камайиши оқибатида мусаффо ҳавони бузилиши ва турли чанг-тўзонлар келиб чиқмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз аввало уйимиздан бошлаб, ён-атрофимизни кўкаламзор қилишга янада эътибор бериб, бундай хайрли ишларда фаол бўлишимиз ҳозирги кун ва динимиз талабидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар бир мўмин банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа қилганлик савоби бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, кўпчилик манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшган бўлади. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимизда бундай ишлар қадрланади.

Аллоҳ таоло юртимизни янада кўкаламзор-обод айлаб, қурғоқчилик ва зарарли чанг-тўзонлардан асрасин.

Сирдарё тумани  «Янги-хаёт» жоме
масжиди имом хатиби
Аминжон домла Исмоилов
.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan