Саҳобаи киромлар

“Мавлиди шариф” маросимларидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг  сийратлари, хилқатлари, туғилишларидан то вафотларигача бўлган тарихларини ўз ичига олган маърузаларимизни  муслималар севиб тингламоқдалар. Шунингдек, опа-сингилларимизнинг саҳоба ва саҳобияларга ҳавас қилишиб, улар ҳақида ҳам кўпроқ маълумот олишни истаётганлари бизни янада хурсанд қилмоқда.Чунки саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. 

       Хўш, бундай улуғ бахтга эришган бахтиёрлар кимлар эди?

       Улар Пайғамбар алайҳиссаломни кўриш бахтига муяссар бўлган, у зотга суҳбатдош ва ҳамроҳлик қилган, мусулмон холида оламдан ўтган саҳобалар эдилар.Саҳобаларнинг Исломдаги ўрни беқиёсдир. Айнан улар Ислом шариатини келгуси авлодларга етиб боришида кўприк вазифасини ўтаганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларини, Қуръон ва ҳадисни пухта ўрганиб, мустаҳкам сақлаб, ўзларидан кейин келган тобеъинларга омонат билан етказганлар. Уларнинг шахсий ўрнаклари ва фикрлари ҳам Ислом шариатида муҳим аҳамият касб этади.

  Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд” (544 грамга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”.  Термизий ривоят қилган.

  Саҳоба сўзи луғавий жиҳатдан “дўст бўлмоқ”, “бирга юрмоқ” каби маъноларни англатади.Истилоҳда эса “иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган киши саҳоба дейилади.

         Саҳобалар мухожирлар ва ансорлар деган икки гуруҳга ажратилади.Маккадан Мадинага ҳижрат килиб борган саҳобалар “муҳожир” бўлиб, уларни очиқкўнгиллик билан кутиб олиб, бошпана берган мадиналикларни “ансорлар” деб аталади.Аллоҳ муҳожир ва ансор саҳобалар ҳакида ояти каримада  мархамат қилиб шундай дейди:»Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешкадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди.Мана шу буюк саодатдир»(Тавба сураси,100-оят).

  Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва улуғликка номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотлар ҳисобланадилар.

  Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, деганлар. Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган.Шунингдек, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар.

         Исломни биринчи бўлиб қабул қилган, фақиҳлик билан машҳур бўлган, энг кўп фатво берган, энг кўп ҳадис ривоят қилган, (Абдуллоҳ исмли, тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар  Аллоҳ рози бўлганларнинг энг пешқадамларидирлар.  

         Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрган, шодлик ва қайғули онларида у зот билан ҳамнафас бўлган, илк рисолат даврида Ислом динини ҳақ дин эканлигига ишониб, имон келтириб, тарғиб қилган саҳобалар ҳаёти  ҳаммамиз учун ибратлидир. Аллоҳ таоло барчаларимизни мазкур “йўлчи юлдуз”ларга, “энг яхши уммат”ларга иқтидо қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин.

Соҳибахон Юнусова,
Боёвут тумани, “Анорзор” МФЙ отинойиси.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan