ДИНИМИЗДА ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Инсон  ҳаёти давомида  жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди.  Атрофдагилар  билан  турли  ижтимоий  алоқалар  ўрнатади.  Ҳар  қандай ҳолатда  ҳам  оила,  маҳалла  ва  жамият  ичида  бўлади.  Табиийки,  ҳаёти  давомида унинг  атрофдагиларга  нисбатан  ҳуқуқ  ва  бурчлари  пайдо  бўлади.  Мана  шундай ҳуқуқлардан  бири  қўшничилик  ҳаққи  бўлиб,  унга  динимизда  алоҳида  эътибор берилган.Аллоҳ  таоло  Қуръони  каримда  Ўзига  ибодат  қилиш  ва  Унга  ҳеч  нарсани шерик  қилмасликка  буюрганидан  кейин,  бир  қанча  тоифаларга  яхшилик  қилишга буюради.  Ўша  кишилар  ичида  қўшнилар  ҳам  зикр  қилинган.  Ояти  каримада шундай дейилади:  “Аллоҳга  ибодат  қилингиз  ва  Унга  ҳеч  нарсани  шерик қилмангиз!  Ота-оналарга  эса  яхшилик  қилингиз!  Шунингдек,  қариндошлар, етимлар,  мискинлар,  қариндош  қўшни-ю  бегона  қўшни,  ѐнингиздаги ҳамроҳингиз,  йўловчи  (мусофир)га  ва  қўл  остингиздаги  (қарам)ларга  ҳам (яхшилик  қилинг)!  Албатта,  Аллоҳ  кибрли  ва  мақтанчоқ  кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай дедилар: “Жаброил мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривоятлари).

Гоҳида  қўшниларнинг  ҳолидан  ғафлатда  қоламиз,  уларни  ҳолидан  хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар  учун  бизнинг зиммамизда  бир қанча ҳақларбор:  кўрганда  салом  бериш ;  маслаҳат  сўраса,  тўғрисини  айтиш;  акса  урса,  жавоб қайтариш;  касал  бўлса,  зиёрат  қилиш;  вафот  этса,  жанозасига  қатнашиш  ва ҳоказолар. Улуғ  саҳобалардан  Абдуллоҳ  ибн  Умар  разияллоҳу  анҳу  айтадилар:  “ Бир пайтлар ўз динор ва дирҳамига мусулмон биродаридан кўра ҳақли эмас эдик. Ҳозир эса  мусулмон  биродаримиздан  кўра  динор  ва  дирҳамларимиз  бизга  севимли  бўлиб қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитганман:яъни:  “Қиёмат куни қанчадан-қанча қўшнилар  борки, қўшнисига ёпишиб олиб: “Эй, Раббим! У мени  юзимга эшигини ёпди, яхшилигидан маҳрум қилди”, дейди”, – деганлар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳасанул Басрий айтадилар: “Яхши қўшничилик  –  фақат  ёмонлик қилишдан тийилиш эмас, балки қўшнидан етган азиятга сабр қилишдир”.

 

Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом-хатиби
БОТИР НОСИРОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan