Aллоҳ таолонинг биргина “кун” ярал деган сўзидан бутун борлиқ пайдо бўлди ва бу борлиқда инсон барча мавжудодларнинг гултожи бўлди. Бу ҳақида Aллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Биз Одамни азиз ва мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни ҳам сувда ва ҳам қуруқликда юра оладиган этиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато қилиб бошқа ҳамма махлуқотлардан афзал этдик”.
Оламдаги барча жонзотлар, ўсимлик дунёси ёки жонсиз жисмлар бўлсин, бевосита ёки билвосита инсонга хизмат қилади. Бу билан инсон Aллоҳ таоло ҳузурида ўзининг нақадар мукаррам зот эканлигини англаб етиши лозим. Бу ҳақиқатни англаб етмаган инсон ҳамиша қандайдир қўрқув, таҳлика, васваса ёки ҳаётда учраб турадиган баъзи вақтинчалик қийинчиликлар олдида ўзини ожиз ҳис қилиб, ўз жонига қасд қилишгача етиб боради.
Биламизки, ҳаёт паст-у баландликлардан иборат. Инсон умри давомида яхши кунларни ҳам, синовли кунларни ҳам бошдан кечиради.Aллоҳ инсонга шундай ақл-идрок бердики, токи у ҳаёт неъматларининг қадрига етсин ва дунёга бир маротаба келишини билсин ва ҳаётда учрайдиган ана шундай қийинчилик ва мусибатларни сабр ва матонат билан енгсин. Зеро Aллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қиладики: “Aллоҳ таоло ҳамиша сабр қилувчилар билан биргадир”. Умр немати инсонга Aллоҳ таоло томонидан ўлчаб омонат қилиб берилган. Бу омонатни Aллоҳ таоло муддати тугаши билан қайтариб олади. Бунгача инсон ўзини ўзи ўлдиришлиги харом қилинди. Бу ҳақда Қурони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”- (Бақара сураси 195-оят)
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтдилар: “Сизлардан олдин ўтган одамлар орасида бир киши бўлган эди. Унинг жароҳати бўлиб, оғриғига чидолмай пичоқни олдида у билан қўл томирларини кесиб ташлади. Кейин қон тўхтамай у вафот этди. Шунда Aллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни харом қилдим”—деди”.
Инсонларнинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз шундай дейди: “Кимки тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса жаҳаннам ўтида ўзини у ёқдан буёққа ташлаб абадул абад куяди. Кимки заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам ўша заҳар қўлида бўлиб, ундан ича -ича абадул абад ўтда куяди. Кимки ўзини (бирор) тиғ билан ўлдирса, жаҳаннамда ўша тиғ билан унга азоб берилиб, абадул абад ўтда ёнади”. Ҳеч бир гуноҳ учун қиёмат куни бунчалик оғир жазо тайинланмаган. Лекин ачинарлиси шундаки, ҳозирги кунда бундай ҳолатлар тез-тез кўзга ташланади. Бу кўнгилсизликлар асосан, руҳий хасталиклар, сабрсизлик, ҳаётга енгил қараш оқибатида содир бўлмоқда. Бундай хатога йўл қўймаслик учун инсон, аввало, ўз руҳиятининг даволовчиси бўлиши, Aллоҳга имон келтириши лозим. Зеро, буюк ватандошимиз Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикматли гаплари барчанинг кўнглига бирдек таскин беради: “Чорасизлик Aллох таолодан келган энг гўзал ишоратдир. У дуо вақти келганини англатади. Кўзингдан ёшлар сезилса, гўзал юзинг ғамгин бўлса, билгинки, Роббинг сени соғинибди, сени эшитишни хоҳлаяпти”.
Ўз жонига қасд қилиш Aллоҳ берган тақдирига исён қилиш эканлиги сабабли Ислом динида ўзини ўзи ўлдирган шахсларга жаноза намози ўқилмаслиги тўғрисида алоҳида фатволар берилган.
Хулоса қилиб айтганда, “беш кунлик” дунё деб айтиладиган бу умрни ёр-у дўстлар билан ҳамжиҳатликда ўтказиш ва қўлдан келгунча инсонларга ёрдам бериш зарур. Зероки, ҳатто бошқаларга айтган яхши сўзимиз ҳам садақадир.
Гулистон тумани “Шодмонхўжа”
жоме масжиди имом-хатиби:
Абдукарим ПАРДАЕВ