Дунё ободлиги Ватанни севишдандир

Юртимизда тинчлик ва барқарорлик бўлгани учун  ватанимиз янада тараққий топиб, ривожланмоқда,  фарзандларимиз камолотга эришиб, халқимиз  фаровон яшамоқда. Истиқлол туфайли мамлакатимизда меҳр-оқибат ва бағрикенглик, иймон-ихлос ва миллатлараро тотувлик янада мустаҳкамланмоқда. Қўлга киритилган  моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини асраб-авайлаш ҳар бир иймонли, эътиқодли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,  юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг  ўрни беқиёсдир.
Юртбошимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам миллий армия барпо қилинганлиги инсонни қувонтиради. Инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга эга бўлади. Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Шунга биноан ҳар бир инсон бутун жамият учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши зиммасидаги бурч эканлигини унутмаслиги лозим. Айниқса, Ватан ҳимоясида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.
Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки  барча фуқаролар қайси касб эгаси булишидан қатъий назар  ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши раддия бериш билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам иймоний бурчга киради. Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш улкан шарафдир. Киндик қони тўкилган Ватанни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Бу йўлда фидоий бўлган киши улуғ  мақомга етиши, катта савоблар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”. (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган:  “Кимики Аллоҳ таъоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”. (Имом Насоий). Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду хуррамлик сиғади, байрамлар ярашади.  Ҳарбий хизмат  савобли муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”, — деганлар.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси учун  ору номусини, иймонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббатлари  асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан,  буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади. Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди”.
Бизлар ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она  Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англамоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар  улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”, — деганлар. “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, — деган экан мутафаккирлардан бири.
Аллоҳ таъоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскар-у зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Аминжон Исмоилов
Сирдарё туман бош имоми.
(Жума мавъизалари асосида тайёрланди).

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *