ИЛМСИЗЛИК ОФАТДИР!

Ҳар нарса замирида илм мужассам. Ислом ҳам илк амрни ўқишга, илм-маърифат ҳосил қилишга ундаш билан бошланган диндир. Бу илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс эканига далолатдир. Ислом дини инсонпарвар ва гўзал диндир. Қайси жойда илмга интилиш кучли бўлса, ривожланиш ва тараққиёт ҳам шунча жадал кечади.

Алҳамдулиллаҳ, ҳозирги кунда илм олишга ёки илм ҳосил қилишга шароит ва воситалар бисёрдир. Фақат ундан илмли фойдаланиш, ўрганган илмни ҳаётга тадбиқ этиш биз бандалардан талаб қилинади. Амал қилинмаган илмда амал бўлмайди ва ёмони у соҳибининг зарарига ҳужжат бўлади.

Солиҳ зотлар билганларига амал қилишга ўта ҳарис бўлишган. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу айтади: “Биздан бир киши 10 оятни ўрганса, унинг маъноларини билмагунича ва унга амал қилмагунича бошқаларга ўтмас эди”. Али розияллоҳу анҳу: “Илм амал ила хитоб қилади, амал жавоб берса, берди, бўлмаса, илм қочади” деганлар. Чунки илм ва амал жуфтдир. Ё бирга бўлади. Ё баробар кўтарилади.

Аллоҳ таоло инсондаги яхши сифатларни Ўзининг китоби бўлмиш Қуръони каримда мақтаган. Ёмон сифатларни қоралаган ва улардан сақланишга буюрган. Жумладан, илмли, ҳаёли, тақводор, саховатли, кечиримли бандаларини мақтаб, жоҳил, кибрли, манман, гиначи, чақимчи, мақтанчоқ, миннатчи, эзма, дангаса каби ёмон сифатли бандаларини қоралаган.

Ҳозирги илм-маърифатга катта эътибор берилган жамиятда Аллоҳ таоло Ўзининг китобида қоралаган сифатдаги инсонларни орамизда учраши ниҳоятда хунук ҳолатдир.

Азизлар, Аллоҳ таоло барчаларимизни ўрганган илмига амал қиладиган солиҳ бандаларидан бўлишимизни насиб айласин!

 Комилжон Муратов
“Абу Дардо” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *