ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун уйланишга амр этган. Аллоҳ таоло никоҳли оила қуришни инсон наслининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.

Эркак-аёлнинг ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади. Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади.

Эркак ва аёл яратилиши аслида бир-бирини мукаммал этувчи фитратга эга бӯлиб, руҳий ва жинсий жиҳатдан бир-бирларидан фарқланишади. Эркак ва аёллар орасидаги бу фарқиятлар жамиятнинг ривожланишига олиб боради. Шу фарқиятлар сингари эркак ва аёллар бир-бирига моил бўлишларига сабаб бўлади.

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва аҳамияти бениҳоят салмоқлидир. Агар оила соғлом бўлса, жамият ҳам мустаҳкамдир, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарордир. Кексаларга ҳурмат, ўзаро ҳамжиҳатлик, болаларга ғамхўрлик каби оилавий анъаналар жамиятдаги маънавий қадриятларнинг муҳим манбаидир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Аллоҳ таоло шу боис эр ва хотиннинг оила қуриб, кўпайиши учун уларнинг тотувликда, аҳилликда бир-бирларига шафқат ва меҳрибонлик билан ҳаёт кечиришларига буюрган.

Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлагидир. Чунки   жамият оилалардан ташкил топади, оила эса инсонлардан. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият, қолаверса бутун мамлакат тинчлиги ва осойишталигига мустаҳкам пойдевор бўлади.

 Ҳусан Атакулов
“Имом ал-Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *