Рамазон Ҳайити муборак бўлин!

Рамазон ойи юртимизда аҳил-иноқликда кўтаринки руҳ билан ўтказилди. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, меҳр-мурувват кўрсатдилар, кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар, эзгу ишларда бардавом бўлдилар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил бўйи давом эттиришимиз керак. Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур қарор халқимизнинг кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади. Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Бу байрамнинг дам олиш куни, деб эълон қилиниши унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборади.
Ҳайитнинг мазмун-моҳиятида кўнгилларга хушнудлик, севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлаш мужассамдир. Ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир. Ҳайит қувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб бориши учун айнан шу кунларда фитр садақасини бериш, закот ва бошқа садақа, хайр-эҳсонларни тарқатиш давлатманд кишиларга вожиб бўлади.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан қалқиб, бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат ва ҳаё, етим ва ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, умуман инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Ушбу муборак ҳайит кунларида яқинларимизнинг ҳолидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайру саховат улашишнинг ҳам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни таъкидлаб айтади:   “Сиздан (эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики xайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир”. (Бақара сураси, 215-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзларини узишга ёрдам беринглар”(Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:
«Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир». (Муттафақун алайҳ)
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Мана шу ҳақиқатни ҳар биримиз теран англамоғимиз, уни ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўлида барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳатликда астойдил ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Ҳар ҳайит арафасида қайта-қайта такрорланадиган яна бир гапни эслатиб ўтмоқчимиз: ҳайит – баъзи жойларда бўлаётганидай азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас. Балки хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар, фазилатли ой рўзасини эсон-омон, соғ-саломат тутиб олганимиз учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шукроналар изҳор этиш рамзидир. Шу кун янги вафот этган кишилар хонадонига бориб, уларнинг мусибатини қайта эсларига солиш ўрнига бу куннинг шукрини адо этиш, ушбу шодиёна кунга ҳамамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб уларнинг дуоларини олиш, бетоб, муҳтож, диндошларимиз, умуман барча инсонлар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлидан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиб олиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг муҳим вазифаларидан саналади.
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Мана шу ҳақиқатни ҳар биримиз теран англамоғимиз, уни ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўлида барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳатликда астойдил ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак айласин!
Ҳақ таоло байрамнинг шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам қилсин!
Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин!
Юртимизни ёмон кўзлардан Парвардигорнинг ўзи асрасин!
Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт равнақи, бахт-саодати йўлида олиб бораётган хайрли ва савобли ишларида Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин!
Рамазон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират айлаб, даражотларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин! Амийн!

Сирдарё вилояти бош имом хатиби
Хабибулло Зокиров

                                      

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *