ИС ГАЗИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

Ислом динида инсон ҳаёти, соғлиғи ва жонини асраш энг муҳим қадриятлардан ҳисобланади. Ис гази эса инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдирадиган кўринмас офатлардан биридир.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
«Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг». (Бақара сураси, 195-оят)
Ушбу оят инсонни ўз ҳаётига бепарво бўлмасликка, хавф-хатардан сақланишга ва эҳтиёт чораларини кўришга чақиради.
Динимизда инсон ўз жонига ҳам, бошқаларнинг жонига ҳам масъулдир. Газ жиҳозларини назоратсиз қолдириш, носоз печлардан фойдаланиш, мўрини тозаламаслик ва хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик катта масъулиятсизликдир.
Демак ўзимиз ва оиламиз хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, қўшниларимиз ва атрофдагиларнинг ҳаётини ҳам асрашимиз лозим.
Баъзи инсонлар: «Ҳаммаси Аллоҳнинг қўлида», деб хавфсизлик чораларига бепарво қараши мумкин.
Аслида эса таваккул — сабабларни бажариб, натижани Аллоҳга топширишдир.
Шунинг учун:
* Газ жиҳозларини мунтазам текширтириш.
* Мўриларни тозалатиш.
* Ҳаво алмашинувини таъминлаш.
* Газ ҳидини сезганда чироқ ва электр жиҳозларини ёқмаслик ёки ўчирмаслик, очиқ оловдан фойдаланмаслик.
* Дарҳол ташқарига чиқиб, хавфсиз жойдан 104 рақамига қўнғироқ қилиш.
* Ис гази сезилмайдиган ва ҳидсиз бўлишини унутмаслик.
Азизлар, бир лаҳзалик бепарволик бир умрлик пушаймонга сабаб бўлиши мумкин. Оиламиздаги фарзандлар, ота-оналар, кексалар ва қўшниларимиз ҳаёти биз учун омонатдир.
Ислом бизга фақат ибодат қилишни эмас, балки ҳаётни асрашни, эҳтиёткор бўлишни, бир-биримизга ғамхўрлик қилишни ҳам ўргатади.
Унутмайлик: эҳтиёткорлик — қўрқоқлик эмас, балки иймон, ақл ва масъулият белгисидир.
Аллоҳ таоло барчамизни турли офат ва балолардан асрасин, хонадонларимизга тинчлик ва хотиржамлик ато этсин.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар »Абдуқаҳҳор ҳожи” масжиди
имом хатиби Хуршид домла Асланбаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan