Кибр ва манманлик

Ҳар бир мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган гуноҳлардан бири “кибр ва манманлик”дир. Кибр ва манманлик бир-бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир. Бу иллатлар инсон қалбида қарор топувчи қалб хасталикларидан биридир.

“Кибр”, “такаббур” сўзлари луғатда “катталик” маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал кўрадиган шахсга нисбатан ишлатилади.

Мисол усун, бир инсон ўзининг  бойлиги сабабли ўзидан қамбағал кишини олдида ўзини катта олиши, фарзандли инсоннинг бефарзанд инсондан ўзини баланд тутиши, хунукроқ инсонни олдида ўзини чиройи билан фахрланиши, кучсиз одамнингдан ўзини устун қўйиши, қимматбаҳо кийими билан керилиб юриши, илми сабаб ўзгаларга паст назар билан қараши ва насаби билан ғурурланиши каби ҳолатлар кибр иллатидандир.  

Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Одамларга (кибрланиб)  юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ  барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас…”

Ушбу ояти каримада такаббурлик қилиб, керилиб юрмаслик, атрофдагилардан ўзини устунроқ билиб, уларга беписандлик билан қарамаслик, гарчи юз ифодаси билан бўлсада, уларни пастга урмаслик уқтирилмоқда.

Ҳадиси шарифларда : “Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир”, деб таърифланган. Имом Ғаззолий кибрни: “У – ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш” – деганлар.

Шайтон ҳам олий мақомда эди, такаббурлиги сабаб иблисга айланди ва жаннатдан қувилди. Бу хақда Қуръони каримда: “Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деганимизни. Бас, (фаришталар) сажда қилдилар, фақат иблис бош тортди ва мутакаббирлик қилиб, кофирлардан бўлди”- дейилинган.

Шундай экан ҳар бир инсон бу иллатдан сақланиб, доимо камтар бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки камтар инсонни Аллоҳ бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам даражасини баланд қилиб қўяди, такаббурларни эса, икки дунёда ҳам даражасини паст қилади.

Кибр инсонни халокатга дучор қилишлиги тўғрисида  хадисларда ҳам айтилган.  Бир хадиси шарифда: “Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигича кибри бор одам жаннатга кирмайди”, – дейилган.

Инсон кибрдан халос бўлиши қийин дард бўлиб, у ўз-ўзидан йўқ бўлмайди. Аввало, банда ўзини ва Роббини танисин. Шунинг ўзи ундаги кибрни йўқотиш учун кифоя қилади. Чунки барча улуғлик ёлғиз яратувчига хос эканлигини англаб етади ва унга итоат қилади.

Инсонларга хуш муомалада бўлиш, уларни ҳурмат қилиш, одамларга биринчи бўлиб салом бериш каби ишлар ҳам кибрдан халос бўлишликка ёрдам беради. 

Инсон мол дунёси, насл насаби ва шу каби нарсалар билан ўзга бир инсондан мукаррам бўлмайди. Фақат унинг тақвоси, хулқ-одоби ва яхши амаллари билан ўзга инсондан  афзал бўлиши мумкин. “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорларингиздир”– дейилган Қуръони каримда.

Камтаринлик пайғамбарлар, саҳобалар, солихлар ва авлиёлар хислатидандир. Ривоят қилинишича, Ҳазрат Умар халифалик даврларида хизматкори билан  сафарга чиқсалар туяга алмашиб миниб кетар экан. Бир фарсах масофага ҳазрат Умар туяга минсалар, хизматкори туянинг юганини олиб етаклар экан. Туяга миниш навбати хизматкорига келганда, ҳазрат Умар уни туяга ўтқазиб ўзи юганни олиб етаклар экан.

Аллоҳ барчамизни кибр ва манманлик иллатдан узоқ қилиб, камтар ва чиройли хулқ эгаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

Маъруф Абдурахмонов

Сайхунобод тумани “Иттифоқ” жоме масжиди имом-ноиби

 

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan