Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду салавотларимиз бўлсин!
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тахминан 2003 йиллари Америка сафарига борганлар. Шайх ҳазратлари бир гуруҳ диний ходимларга бошчилик қилиб борган бу сафарларида бўлиб ўтган бир воқеани шахсан ўзларидан эшитганман:
«Америкага боргач, бизга кўп жойларни таништиришди. Жумладан, бир куни ОИТС касаллигига чалинганларни даволаш шифохонасига олиб боришди. Шифохона мутахассислари ҳаммаёқни бирма-бир таништириб чиқаётиб, у ердаги шарт-шароитларни мақтаб қолишди. Шифохона вакили «Биз бу шифохонада ОИТСга чалинганларни умуман камситмаймиз, уларнинг нафсониятига тегмаймиз. Миллатини ажратмаймиз. Эркакми, аёлми, барибир, ҳаммага бирдек қараймиз, меҳрибонлик кўрсатамиз. Миллионлаб маблағ сарф қилиб, беморларни даволаш учун керак бўладиган барча дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланганмиз. Энг асосийси, бу ердаги даволаниш мутлақо бепул» деб, фахрланиб қўйди.
Ҳақиқатдан ҳам клиникада шароит жуда зўр экан. Дам оладиган масканга ўхшайди. Шарт-шароит кирган одамнинг чиққиси келмай қоладиган даражада. Умумий таништирув тугагач, ўша мутахассисга:
– Савол сўрасам майлими? – дедим.
– Ҳа, майли.
– Бу беморларингиз қайси дин вакили экани билан қизиқиб кўрганмисиз? – деб сўрадим. Мутахассис бироз ҳайрон бўлиб турди-да, жавоб берди:
– Бизга беморларнинг қайси дин вакили эканининг фарқи йўқ. Америка фуқароси бўлса бўлди. Ҳаммасига бирдек қаралади. Бизда инсонларнинг тенг ҳуқуқли. Динидан, ирқидан, рангидан, миллатидан, жинсидан қатъи назар, ҳаммаси Америка фуқароси, демак, ҳаммасига бир хил муносабатда бўлинади, – деди мақтаниб.
– Тўхтанг, шошмай туринг. Мен сиздан буни сўрамоқчи эмасман. Сиз беморларингизнинг динини бир суриштириб кўринг, уларнинг ичида бирорта ҳам мусулмон чиқмайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг. Мабодо бирорта мусулмон чиқиб қолса, у ҳам динини яхши билмайдиган, номига мусулмон бўлиши мумкин. Бўлмаса, умуман чиқмайди, –дедим.
Ҳалиги одам ҳайрон бўлиб:
– Шошманг, нима учун бунчалик ишонч билан айтяпсиз? Нима учун буларнинг орасидан мусулмон чиқмас экан? – деди.
– Сиз суриштириб кўраверинг. Беморларнинг ичида бирорта ҳам мусулмон бўлмаслиги керак. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:
وَلَا تَقۡرَبُواْ ٱلزِّنَىٰٓۖ ٣٢
«Зинога яқинлашманглар» деб, мусулмонларни зинодан, фаҳшдан қайтарган. Бу касалликлар эса зинодан юқади. Мусулмон одам зино қилмайди. Зино қилмаганидан кейин бу касалликка чалинмайди. Мусулмон одам наша, наркотик модда қабул қилмайди. Қабул қилмагандан кейин бу касалликка мубтало бўлмайди. Чунки ОИТС касалини юқиш сабабларидан бири гиёҳванд моддаларни игна орқали томирга қабул қилишдир. Мусулмонлар учун бу моддани қабул қилиш шариатда ман этилиб, ҳаром қилинган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳақиқий мусулмон ўз дини кўрсатмаларига амал қилиб яшайдиган бўлса, ҳеч қачон мазкур касалликка мубтало бўлмайди. Мусулмон одам ҳар тарафлама покиза бўлади. Бундай касалликлар эса нопок одамларнинг касаллигидир, ишонмасангиз текшириб кўринглар, – дедим.
Ҳалиги одам ҳайрон бўлиб, шундай деди:
– Шошманг, сиз жуда ажойиб маълумотни айтяпсиз. Биз бу нарсани биринчи марта эшитишимиз. Наҳотки мусулмонлар бундай нарсага яқинлашмайди?
– Яқинлашмайди, мутлақо яқинига йўламайди.
– Шу сўзларингизни бир қоғозга тушириб, менга бунинг олдини олиш режаларини тузиб бера оласизми?
– Бу режа бир ярим минг йил аввал тузиб бўлинган. Қуръони каримни очсангиз, тайёр турибди. Ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган. Сизлар бўлса бу офат ҳақида энди қайғуриб ўтирибсизлар. Биз мусулмонлар бунинг нима эканини бир ярим минг йилдан бери биламиз.
– Илтимос, ўша нарсаларни, ўша режани менга тартибланган ҳолатда берсангиз.
– Режаси керак бўлса, Ватанимизга, Ўзбекистонга қайтиб боргандан кейин биз билан учрашинг. Уйимда тайёр турибди. Мен уни сизларга тақдим қиламан, – дедим.
Азизлар, муҳтарам устозимиз, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кўплаб фазилатларини, илм соҳасидаги улкан ютуқларини кўп эшитганмиз. У зотнинг юриш-туришлари, муомала ва муносабатлари, айниқса, бирор муаммони ечишдаги топқирликлари, ҳозиржавобликлари ҳар қанча таҳсинга сазовор эди. Юқорида эсланган хотира устозимизнинг ҳар бир амаллари динимизнинг фазилатларини намоён қилишга, одамларда Ислом ҳақида, мусулмонлар ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қилишга, ижобий таассурот қолдиришга қаратилганига биргина мисолдир. Аслида у зотнинг ҳаётларида, илмий фаолиятларида бундай мисоллар сон-саноқсиздир. Зоҳиран қараганда бу савол-жавоб мусулмонлар учун оддий ҳолатдек туюлиши мумкин, чунки бу ҳақиқатни ҳар бир мўмин инсон ёшлигидан билади. Лекин шу маълумотни қаерда, қачон, кимга ва қандай етказишни билиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган маҳоратдир. Қолаверса, гап маълумотларнинг кўплиги ёки уларни билишдагина эмас, балки улардан ўринли фойдалана олиш, ҳаётга татбиқ этиб, уларга риоя этиб, ҳамнафас бўлиб яшашдадир. Зотан, юқорида зикри ўтган маълумотларни билган, ўқиган, кўрган қанчадан-қанча мусулмонлар борки, кўра-била туриб Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларга қўл уриб, бедаво касалликларга чалиняптилар. Ана шу амалсизлик, ношукрлик оқибатида «Агар мусулмонлар бедаво дардларга чалиниши мумкин бўлмаса, нима учун ҳозирги кунда уларнинг орасида ҳам бундай балолар кундан-кунга кўпайиб боряпди?» деган саволлар туғилмоқда.
Албатта, бу ўринда динимиз кўрсатмаларининг тўғри ва ҳақ эканлигида, қолаверса, Қуръони Карим ҳамда суннати набавиянинг нафақат турли жисмоний иллатлар, балки маънавий дардларга ҳам шифо эканида, инсонни улардан муҳофаза қилувчи восита эканида шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам «Ундай бўлса иллат қаерда?» деган савол туғилиш табиий.
Жавоб эса оддий: Иллат шариат кўрсатмаларида эмас, балки мусулмончиликни даъво қила туриб, унга муносиб ҳаёт кечирмаётган инсонларнинг шахсиятидадир. Зотан, шариатнинг барча кўрсатмалари, буйруқ ва қайтариқлари унга амал қилиш учун жорий қилингандир. Демак, амал қилинмаса, ундан кўзланган мақсад ва унинг натижасида эришиладиган ютуқ ва муваффақиятлар ҳам рўёбга чиқмайди. Тасаввур қилинг, шифокор бир беморнинг касаллигига ҳар тарафлама мукаммал ташхис қўйди. Энди бемор учун керак бўладиган барча дори-дармонлар ва уларни истеъмол қилиш тартиб-қоидалари, масалан, ножўя таъсирлари ҳақидаги маълумотлар, овқатдан олдин ёки кейин истеъмол қилиш, дорини истеъмол қилиш адади, миқдори ва вақтларни қатъий тайин қилиб, беморни даволашга киришса-ю, аммо бемор шифокор қилаётган меҳнатни, хизматни ва меҳрибонликнинг қадрига етмай, унинг кўрсатмаларига амал қилмаса, аксинча, ёлғондан унинг айтганларига амал қилаётгандек кўрсатса, бундай одам шифо топиши мумкинми?
Демак, нафақат шаръий қонун-қоида ва кўрсатмаларга, балки инсон манфаатлари учун жорий қилинган ҳар қандай дунёвий қонун-қоидаларга амал қилинсагина улардан кўзланган мақсадлар амалга ошади, кутилган натижага, манзилга олиб боради. Акс ҳолда мазкур кўрсатмалар қуруқ маълумот сифатидагина қоғозда қолиб кетаверади.
Аллоҳ таоло устозимизни Ўз раҳматига олсин, барча солиҳ амалларини мақбул айлаб, олими боамалларга ваъда қилган неъматларига буркасин!
Парвардигоримиз барчамизга динимизнинг таълимотларини билишни ва уларга амал қилишни насиб этиб, икки дунё саодатига эриштирсин!
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби