Жорий йилнинг 7 февраль куни Гулистон шаҳридаги «Гулистон» жоме масжидида 2017 йилда Сирдарё вилоятидан муборак умра зиёратига бориши режалаштирилган юртдошларимизга навбатдаги амалий машғулот бўлиб ўтди.
Машғулотда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов умранинг мазмун-моҳияти, шартлари ҳамда адо қилиш тартиб ва одоблари тўғрисида зарур маълумотлар берди. Ҳар қандай сафарга тайёргарлик билан чиқилгани каби, умрани адо қилиш учун ҳам жисмонан, ҳам маънан алоҳида ҳозирлик кўриш кераклиги, ниятнинг тўғри бўлиши, умра амалларини тўлиқ бажариш, зиёратга борганда фурсатни ғанимат билиб кўпроқ савобли ишларни қилиш, гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаларига риоя қилишнинг зарурлиги таъкидланди.
Умра ибодати қурби етган кишиларга суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат амали ҳисобланади. Қуръони каримнинг Бақара сурасида: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” – дейилади. Абу Ҳурайра разияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра – икки умра оралиғида қилинган гуноҳларга каффоратдир ва пок ниятда қилинган ҳаж ажри – фақат жаннатдир!», деб айтганлар». Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.
Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Сирдарё вилояти вакиллиги масъул котиби

