Сув — бебаҳо неъмат, уни қадрлайлик

Сув — Аллоҳ таолонинг инсонларга берган энг буюк неъматларидан биридир. Инсон ҳаёти ҳам, табиатдаги барча тирик мавжудот ҳаёти ҳам сув билан боғлиқ. Шунинг учун сувни қадрлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва исроф қилмаслик ҳар бир инсоннинг масъулиятидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ

«Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик».
(Анбиё сураси, 30-оят)

Бу оят сувнинг инсон ва бутун борлиқ ҳаётидаги ўрни нақадар буюк эканини кўрсатади. Сув бор жойда ҳаёт бор, сувсиз эса ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

«Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди».
(Аъроф сураси, 31-оят)

Расулуллоҳ ﷺ ҳам сувни исроф қилмасликка алоҳида эътибор берганлар. Ҳатто таҳорат каби ибодатда ҳам сувни меъёрдан ортиқ ишлатишдан қайтарганлар.

Шунинг учун кранни беҳуда очиқ қолдирмаслик, ортиқча сув оқизмаслик, таҳорат ва бошқа эҳтиёжларда сувдан меъёрда фойдаланиш — оддий одат эмас, балки неъматни қадрлаш ва исрофдан сақланишдир.

Бугун биз осонгина фойдаланаётган сув эртага фарзандларимиз учун қанчалик қиммат неъматга айланиши мумкинлигини унутмайлик. Сувни асраш — ҳаётни асрашдир. Неъматни қадрлаш эса шукрнинг бир кўринишидир.

Сувни тежайлик, исроф қилмайлик. Аллоҳ берган неъматни қадрлайлик!

Сирдарё вилояти вакил ўринбосари А. Ёрбеков.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan