Ислом дини мусулмон кишиси ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ва ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишлик, дин ва дунёда манфаат берадиган, миллат ва элга яхшилик қилишлик, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг, хусусан биз мусулмонларнинг ҳам муҳим вазифасидир. Чунки, вақтининг қиймати бебаҳодир.
Бу ҳақда умавийлар амири Умар ибн Абдулазиз шундай дейди: “Кеча ва кундуз сенинг вужудингда ўз ишини кўрсатаяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!” Донишмандларлар айтишади: “Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади.
Ҳақ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай уни яхшилик ва савоб ишларида сарфлашга ва охиратда зое қилинган умр учун афсус-надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, шундай дейди:
“Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!.”.(Фотир сураси 37 оят)
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис салом) шундай деб марҳамат қиладилар:
“Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигингдан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақирлигингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни ўлимингдан аввал ғанимат билгин”, — дедилар.(Термизий ривояти)
Биринчиси: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билмоқлик”. Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг келажакдаги мустаҳкамлиги, унинг куч-қудрати, тараққиёти албатта, илму-маърифат орқали бўлади, дейилади ҳадисда.
Иккинчиси: “Соғлик, саломатлик даврини беморлик, хасталик етиб қолишидан олдин ғанимат билмоқлик”. Инсон учун тан соғлигидан ортиқ бойлик йўқ. Саломатлик бўлса, киши турмуши ва охирати учун зарур бўлган барча ишларни қилишга имкон топади. Аксинча, танасида бирор хасталик пайдо бўлса, унга на мол-дунё татийди ва на фарзандлари кўзига кўринади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (алайҳис салом): шундай деб марҳамат қиладилар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.(Муттафақун алайҳи)
Учинчиси: “Бўш вақтни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билмоқлик”. Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтни қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, ўз умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Ҳар ким ҳар вақтда ўзи ўйлаган ишларни бажара олмайди. Зотан, баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтларда ўша битира олмаган ишларни бажариб олишга имкон туғилади. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билмоғи лозим. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир.
Тўртинчиси: “Бой-бадавлат, бировга муҳтож бўлмаган вақтни фақир-мискин бўлиб қолишдан олдин ғанимат билмоқлик”. Аллоҳ таоло бандасини бу дунёда турли йўллар билан синаб имтиҳон қилади. Кимгадир беҳисоб молу давлат беради, кимнидир ундан маҳрум қилади. Бой-бадавлат киши молу дунёсидан дунё ва охирати учун манфаат келтирадиган ишларда фойдаланса, аҳлу аёли, қавму қариндоши, фақиру мискинларга инфоқ-эҳсон қилса, ундаги Аллоҳнинг ҳаққини (закотини) адо қилса, демак у киши Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтаётган, унга берилган неъматнинг шукрини адо қилаётган бўлади. Расулуллоҳ (алайҳис салом) Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй Аллоҳ, хайр-эҳсон қилган инсоннинг молини ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказгин” — деб дуо қилади”. (Муттафақун алайҳи)
Бешинчиси: “Тирикликни ўлим келишидан олдин ғанимат билмоқлик”. Аллоҳ таоло инсонни дунёга келтириб, унга пайғамбарлар юбориб, шариат кўрсатмаларига амал қилган кишиларга улуғ савобларни ваъда қилади, бажармаганларни эса қаттиқ азоблар билан қўрқитди. Шариат қоидаларига амал қилиш-қилмаслик Аллоҳ учун ҳеч қандай фойда ёки зарар келтирмайди. Бас, шундай экан, инсон ҳаётида Аллоҳнинг амрига нечоғлик итоат этса, бу дунёнинг обод бўлишлигига хизмат қилса, келажакда охирати ҳам обод бўлади. оқил инсон – ҳаётий дунёдан охирати ва дунёси учун фойдаланиб қолган кишидир.
Ҳасан Басрий (роҳматуллоҳи алайҳи)дан ривоят қилинган ушбу ҳикматда шундай дейилган:
“Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен қиёмат кунигача қайтмайман, деб айтади.”
Барчаларимиз ўтаётган ҳар сония, дақиқа ва кеча-кундузларимиздан ибрат олмоғимиз ва фойдаланмоғимиз керак бўлади. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улуғ ёшга киритади, кексаларни боқийлик сари яқинлаштиради. Шунинг учун ҳам умрни ғанимат билмоғимиз ва уни энг фойдали ва савобли ишлар билан ўтказмоғимиз керак бўлади.
Ҳусниддин Жўраев
Гулистон шаҳар «Гулистон» масжиди имом-ноиби