Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакиллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам. Оила тинч, мустаҳкам, ҳалол-пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборда бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади.
Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани, оилавий ажримларнинг бирмунча кўпайиб бораётганлиги ташвишланарли ҳолат. Бунинг оқибатида қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Ўртадаги фарзандлар тирик етим бўлиб, бечора фарзандлар ушбу ҳолатдан сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Натижада эса боланинг тарбияси бузилмоқда. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатларига ҳам дуч келинмоқда.
Оилавий ажримларнинг юқоридаги ҳолатлардан бошқа ҳам бир қанча зарар ва зиёнлари мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини яхши билмасликлари, оилавий маданиятни тушунмасликлари, умуман олганда ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари оила бузилишига асосий сабаб ҳисобланади. Оила қуриш, уни юритиш қандай амалга оширилиши, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати қай тарзда бўлиши ҳақида муқаддас динимиз таълимотларидан хабардор бўлиш оила мустаҳкамлигининг омилидир. Албатта, ҳар бир нарсани билиб, унинг мазмун-моҳиятига тушуниб етиб, билим асосида олиб борилиши кўп яхшиликларга сабаб бўлади. Оила муносабатлари жуда нозик ва мураккаб бўлиб, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш, унга жиддий қараш лозим. Фарзандларимизнинг фақат моддий жиҳатлари эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим.Зеро, оила мустаҳкамлиги йўлида тарбия – соғлом оиладан бошланади.
Ҳабибуллоҳ Мубашширов
Мирзаобод тумани «Мулла Ботир» жоме
масжиди имом-хатиби.