Қўшнига яхшилик қилиш фазилати

Қўшнига яхшилик қилиш фазилати
Ислом динида қўшничилик ҳақларига алоҳида эътибор берилган. Қўшни — инсоннинг энг яқин ижтимоий ҳамроҳларидан бири. Яхши қўшничилик меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди, маҳаллада тинчлик ва тотувликни қарор топтиради. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 36-оятида марҳамат қилади: “…Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига… яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмас”.            Бу оят қўшнига яхшилик қилиш мусулмоннинг муҳим ахлоқий вазифаларидан эканини кўрсатади. Бунда қўшнининг миллати ёки динидан қатъи назар, унга ҳурмат ва инсонийлик билан муносабатда бўлиш лозим.            Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшничилик ҳақида шундай деганлар: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп васият қилдики, ҳатто уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.          Бу ҳадис қўшнининг ҳаққи Исломда нақадар улуғ эканини билдиради. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”. Имом Муслим ривояти.
Қўшничиликнинг асосий ҳақлари 1. Салом бериш ва ҳурмат кўрсатиш Қўшнини кўрганда очиқ чеҳра билан саломлашиш, яхши муомала қилиш ва унинг кўнглини оғритмаслик. 2. Таом ва неъматларни улашиш Имкон бўлса, пиширилган таомдан, мева-чевалардан қўшнига илиниш. Озгина ҳадяни ҳам камситмаслик. 3. Қийинчиликда ёрдам бериш Қўшни касал бўлса, ҳолидан хабар олиш; муҳтожликка тушса, имконият доирасида кўмаклашиш; мусибатда ҳамдард бўлиш. 4. Қўшнига озор бермаслик Баланд овоз, шовқин, чиқинди, ҳовлидан оқадиган сув ёки бошқа ҳаракатлар билан қўшнига зарар етказмаслик.
5. Сир сақлаш ва кечиримли бўлиш Қўшнининг шахсий ҳаётига аралашмаслик, айбини тарқатмаслик, арзимаган масалаларни жанжалга айлантирмаслик. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ёнида кўшниси оч туриб, ўзи тўйган одам мўьмин эмасдир”.
Шуни яхши билки, мўьмин эмасдир,
Қўшниси оч туриб тўқ юрган инсон.
Меҳрингни аяма муҳтож кўшнингдан,
Эҳсон ила бўлгин унга меҳрибон.
 
  Ёмон қўшничиликнинг оқибатлари Қуйидаги ишлар қўшничилик одобига зиддир: * Қўшнини ҳақорат қилиш ва ғийбат қилиш. * Ер, девор ёки сув масаласида ноҳақлик қилиш. * Қўшнининг тинчлигини бузиш. * Унинг қувончига шерик бўлмаслик, мусибатида ҳолидан хабар олмаслик. * Қўшнилар ўртасида адоват ва низо чиқариш.
Мусулмон киши нафақат ўзининг ибодатига, балки бошқаларга бўлган муомаласига ҳам эътибор бериши керак. Қўшнининг яхши ёки ёмонлиги ҳақида гапиришдан олдин, аввало, ўзимиз қандай қўшни эканимизни ўйлаб кўрайлик. Чунки яхши қўшни — инсоннинг бахти, оғир кундаги таянчи ва хотиржам ҳаётининг гаровидир. Қўшнига яхшилик қилиш — фақат таом бериш эмас, балки унинг кўнглини оғритмаслик, ҳаққига хиёнат қилмаслик ва қийин кунида ёнида бўлишдир. Аллоҳ таоло барчамизни қўшниларига озор бермайдиган, меҳр-оқибатли, саховатли ва солиҳ бандаларидан қилсин. Маҳаллаларимиздан тинчлик, хонадонларимиздан барака, қалбларимиздан меҳр-муҳаббат аримасин.
 
“Абдуқаҳҳор ҳожи” масжиди
имом хатиби Асланбаев Х.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan