ҲУШЁРЛИК — ОМОНАТГА САДОҚАТ.


Ис газидан эҳтиёт бўлинг!
​Совуқ кунлар яқинлашгани сайин хонадонларни иситиш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Афсуски, баъзан эътиборсизлик, мўриларнинг носозлиги ёки қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланиш оқибатида ис газидан заҳарланиш каби аянчли ҳолатлар учраб туради. Ваҳоланки, ўз жонимиз ва яқинларимиз ҳаётини асраш нафақат қонуний, балки муқаддас динимизда буюрилган олий бурчдир.
​Ислом динида инсон ҳаёти ва саломатлиги Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улуғ омонат саналади. Бу омонатга хиёнат қилмаслик, ўзни хатарга қўймаслик ҳақида Қуръони Каримда қатъий огоҳлантириш берилган: «Ўзингизни ўзингиз ҳалокатга ташламангиз!» (Бақара сураси, 195-оят). Демак, газ жиҳозларини текширмаслик ва бепарволикка йўл қўйиш ушбу илоҳий кўрсатмага зиддир.
​Халқимиз орасида баъзан «Аллоҳ асрайди» деб, оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилади. Аслида эса, таваккал — барча эҳтиёт чораларини кўриб, сўнгра Аллоҳга суянишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини боғламасдан таваккал қилмоқчи бўлган кишига: «Туянгни боғла, сўнг таваккал қил!» — дея таълим берганлар (Имом Термизий ривояти). Бизнинг бугунги «туяни боғлашимиз» — уйқуга ётишдан аввал печ ва газ жўмракларини кўздан кечириш, мўриларни тозалаш ва хона ҳавосини алмаштиришдир.
​Пайғамбаримизнинг тунги хавфсизлик борасидаги: «Ухлашдан олдин чироқларни ўчиринглар, эшикларни ёпинглар…» (Имом Бухорий ривояти) деган ўгитлари ҳам бугунги кун учун ниҳоятда ибратлидир. Зеро, оила бошлиғи ўз қарамоғидагиларнинг, шунингдек, кўп қаватли уйларда яшовчи қўшниларнинг ҳам хавфсизлиги учун масъулдир.
​Азиз юртдошлар! Ис гази — рангсиз ва ҳидсиз, сезилмас офатдир. Шундай экан, совуқ мавсумда иситиш мосламаларидан фойдаланишда ҳушёрликни йўқотмайлик. Зеро, эҳтиёткорлик ва огоҳлик — ўз оиламиз, фарзандларимиз ва жамиятимиз тинчлигининг энг муҳим кафолатидир. Аллоҳ таоло барчамизни турли бало-офатлардан Ўз паноҳида асрасин

Сирдарё вилоятиБоёвут тумани «Абдухолиқ Ғиждувоний» масжиди имом-хатиби.Қобилжон домла Асланов.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.