ВАТАНИМИЗ РАМЗИ — ДАВЛАТ БАЙРОҒИМИЗГА ЭҲТИРОМ

18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, миллий қадриятлари, орзу-интилишлари ва мустақиллигини ифода этувчи муқаддас рамзлари бўлади. Ана шундай рамзлардан бири — Давлат байроғидир.Бугун, 18 ноябрь куни, халқимиз ҳаётидаги муҳим тарихий сана — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунни катта фахр ва ифтихор билан нишонлаймиз. 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган миллий байроғимиз мустақиллигимиз, миллий бирлигимиз ва эркинлигимизнинг ёрқин тимсоли ҳисобланади.Байроғимизга назар ташлар эканмиз, унинг ҳар бир ранги ва ундаги ҳар бир белгининг ўзига хос маъно-мазмуни борлигини ҳис этамиз.

Мовий ранг — мусаффо осмонимиз, ҳаёт манбаи бўлган сув, тинчлик ва осойишталик рамзи.

Оқ ранг — поклик, беғуборлик, эзгулик ва тинчлик тимсолидир. Динимизда ҳам покликка алоҳида эътибор қаратилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ кийим кийишни тарғиб қилганлар.

Яшил ранг — табиатнинг уйғониши, янгиланиш, ҳаёт ва ободонлик рамзидир. Яшиллик инсонга Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматларини эслатади.

Қизил чизиқлар — ҳаёт қуввати, жўшқинлик ва тириклик тимсоли сифатида талқин этилади.

Ой ва юлдузлар эса тарихий анъаналаримиз, эзгу орзу-интилишларимиз ва миллий қадриятларимизни ифода этади.

Азиз юртдошлар!

Ислом динимиз инсонни ўз Ватанини севишга, унинг тинчлиги ва ободлиги учун хизмат қилишга, аҳил-иноқ яшашга, яхшилик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлишга чорлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَٰذَا بَلَدًا آمِنًا

Маъноси: «Эсланг, Иброҳим: «Эй Роббим, бу шаҳарни тинч-омон қилгин», деган эди». (Бақара сураси, 126-оятдан.)Ушбу оят бизга юрт тинчлиги ва осойишталиги нақадар буюк неъмат эканини эслатади.Дарҳақиқат, тинчлик бор жойда ибодат бор, илм бор, тарбия бор, оила бахти бор, тараққиёт ва фаровонлик бор. Тинч юртда масжидларимизда азон садолари янграйди, фарзандларимиз илм олади, кексаларимиз хотиржам умр кечиради.Шундай экан, Ватанимизни севиш фақат сўз билан эмас, балки ҳалол меҳнат, яхши хулқ, ота-онага ҳурмат, қўни-қўшнига оқибат, жамиятга фойда келтириш ва юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш билан намоён бўлиши лозим.

Давлат байроғимиз — мустақиллигимиз ва миллий ғуруримизнинг рамзи. Уни ҳурмат қилиш, қадрлаш ва эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг юксак масъулиятидир.Келинг, азизлар, ушбу қутлуғ кунда Аллоҳ таолога шукроналар келтирайлик! Юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг бирдамлиги, хонадонларимизнинг файзу баракаси ва фарзандларимизнинг бахту камоли учун дуо қилайлик. Аллоҳ таоло Ўзбекистон диёримизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни аҳил ва ҳамжиҳат қилсин! Юртимиздан файзу барака, хонадонларимиздан меҳр-оқибат, қалбларимиздан иймон ва шукроналик аримасин!

Мустақиллигимиз абадий, байроғимиз ҳамиша баланд бўлсин!18 ноябрь — Давлат байроғимиз қабул қилинган кун муборак бўлсин!

Сирдарё тумани, Бунёдкор МФЙ “Абу Бакр” масжиди имом-хатиби:                                            А.А.Жалолов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan