Ҳаё иймондандир

Ислом дини мусулмонларни ҳаёли бўлишга буюради. Бу хақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Албатта, ҳаё билан иймон бир-бирига қўшилган. Бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”, дедилар.

Ҳаёли одамда ҳамма яхши хислатлар зоҳир бўлади. Ҳамма замонларда ҳаё масаласи аждодларимизнинг диққат-эътиборида бўлиб келган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўз асарларида бу масалага тўхталиб, “Ҳайратул-аброр” достонида ҳаёга алоҳида боб ажратган.

Ҳаё хору-зорликдан асрайди. Ҳаёсизлик эса шармандаликка олиб боради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё нимада бўлса, албатта уни зийнатлайди. Ҳаёсизлик нимада топилса, албатта уни шарманда қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, ҳушбўй сепиш, мисвок ишлатиш ва никоҳ” – дедилар (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Ҳаё инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсоннинг зийнати, пайғамбарларнинг хулқидир. Ҳаё тушунчаси фақат уялиш ҳисси эмас. Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, гуноҳу-маъсиятлардан йироқ бўлишдир. Барчамиз ҳаёли бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Алиқулов Абдуқодир

Боёвут тумани “Ҳазрати Ҳизр”

жоме масжиди имом-ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan